Истеъмолчилар ҳуқуқи 70 фоиз “скидка”: ростми ёки фирибгарлик?
Шаҳар ва туманлар марказий кўчаларида сайр қилганимизда, бозор олдилари, айрим савдо марказлари ва дўконлар наздида беихтиёр кўзимиз “50 фоиз чегирма!”, “Бирини олинг – иккинчиси текин!”, “Йилнинг энг катта акцияси”, “Барча маҳсулотлар – 10000 сўм”, “Байрам акцияси бошланди!”, “1+1=3”, “Супер акция” каби эълон, реклама ва жимжимадор ёзувларига тушади. Айниқса, байрамолди кунлари ва йил фасллари бошланишида бундай имтиёз ва акциялар ҳақидаги эълонлар сони анча кўпаяди.
Айни пайтда юртимизда қиш фасли ва ҳар қадамда янги йил руҳи сезилмоқда. Аллақачон янги йил байрами олдидан савдо жадаллиги ортиши муносабати билан савдо марказларидан тортиб кичик дўконлар, электрон савдо платформаларидан хизмат кўрсатувчи ташкилотларгача турли чегирма ва акцияларни эълон қилинмоқда. Бир неча кун олдин кийим-кечак дўкони олдидан ўтаётиб “70 фоиз чегирма!” деган ёзувни кўриб қолдим. Ўз-ўзимга ўйладим: агар тадбиркор товарини шунчалик арзон – 70 фоиз “скидка” билан сотса, у қандай фойда кўради? Умуман, бундай “жозибали ва жимжимадор” чегирма ва акцияларни эълон қилишнинг тартиб-қоидалари борми? Уларни ким назорат қилади?
– Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назорати қўмитамиз томонидан амалга оширилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг савдо, умумий овқатланиш ва туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Абдураҳмон Раупов. – Турли соҳаларда, жумладан савдо йўналишида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Реклама тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти эркинликлари кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар талабларига амал қиламиз. Шунингдек, бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 75-сонли қарори ҳам муҳим ҳужжат ҳисобланади. Йиллар давомида чакана савдо ва умумий овқатланиш маҳсулот ҳамда хизматларини ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларига бир қатор ўзгариш ва қўшимчалар киритилди, улар такомиллаштирилди, бироқ яқин вақтгача чегирма ва акцияларни эълон қилиш тартиб-тамойиллари аниқ белгилаб қўйилмаган эди.
Рағбатлантирувчи акция, чегирма нарх, чегирма нархгача бўлган нарх каби тушунчалар киритилмаган эди. Жорий йил 21 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги қарори билан чакана савдо қоидаларига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди ҳамда илк бор “рағбатлантирувчи акция”, “нархнома”, “чегирма нарх”, “чегирма нархгача бўлган нарх” тушунчалари ва уларнинг мазмун-моҳияти изоҳлаб берилди. Чегирма ва акцияларни эълон қилиш тартиб-таомиллари белгиланди.
А.Раупов таъкидлаганидек, янги қоидаларга мувофиқ, ҳар бир чегирма эълон қилинганда унинг аниқ миқдори, амал қилиш муддати, товарнинг охирги 30 кундаги энг паст нархи ва чегирмагача бўлган нархи ҳақидаги маълумотлар равшан кўрсатилиши шарт. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бундан мустасно. Шунингдек, сақлаш муддати яқинлашган товарларни ҳам чегирмаларга тушуришга ҳам 30 кунлик муддатга риоя қилмаслик истисно тарзда рухсат берилади. Агар чегирма чекланган миқдордаги товарларга ёки мавсумий маҳсулотларга тегишли бўлса, бу ҳақида олдиндан истеъмолчига хабар берилган бўлиши керак. Акция давомида таклиф этилаётган чегирма ва бонуслар ҳақиқатда амал қилиши керак.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасида рағбатлантирувчи акция рекламаларига бир қатор талаблар белгиланган. Жумладан, рағбатлантирувчи акцияларни ўтказиш чоғида реклама берувчи рағбатлантирувчи акцияни ўтказиш бошлангунига қадар оммавий ахборот воситаларида ва (ёки) эркин фойдаланиладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ахборот ресурсларида акцияда иштирок этиш шартларини эълон қилиши, ўтказиш қоидаларини, совринлар ва ютуқларнинг номи, миқдори, уларни олиш жойи ҳамда тартибини кўрсатилган ҳолда, шунингдек рағбатлантирувчи акцияни ўтказиш шартларига тааллуқли бошқа ҳар қандай ахборотни тақдим этиши шарт. Реклама берувчининг номи, манзили, алоқа боғлашга доир маълумотлари, жумладан телефон рақами, электрон почта манзили ва бошқа маълумотларни кўрсатиши керак. Бу жараёнда сотувчи ўз манфаатини кўзлаб акция шартларини ўзгартириши, сунъий равишда нархларни ошириб, кейинчалик арзонлаштирилган нархларни чегирма сифатида кўрсатиш орқали истеъмолчиларни чалғитиши, ёки акция ҳақидаги муҳим маълумотларни яшириши қатъиян тақиқланади.
Қонунчилигимизда айрим товар турларига чегирма ва рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш тақиқланган. Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, никотин мосламалари, дори воситалари шулар жумласидан.
– Бу жараён истеъмолчилар учун қулай имкониятлар яратади, тадбиркорлар учун эса савдони сезиларли ошириш имконини беради, – дея қўшимча қилди кумита “Реклама бозори ва креатив соҳаларни ривожлантириш” бўлими бош мутахассиси Фарход Сулайманов. – Рақобат қўмитаси мазкур ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, тадбиркорларга ҳуқуқий ва амалий кўмак кўрсатишга тайёр. Бироқ, айрим сотувчилар томонидан шахсий манфаатини кўзлаб ёлғон акция ва чегирмалар эълон қилиниши, товарнинг илгариги нархи ёки чегирма шартлари ҳақида тўлиқ маълумот берилмаслиги каби ҳолатлар ҳам учрамоқда. Масалан, жорий йилнинг ўзида қўмитага келиб тушган 48 мингдан ортиқ мурожаатнинг катта қисми айнан тўғри ва аниқ ахборот берилмаганига боғлиқ. Қўмита ўз ваколатлари доирасида жами 28 000 дан ортиқ рекламаларда мониторинглар олиб борган. Айнан рағбатлантирувчи акция рекламалари доирасида 697 та ўрганишлар олиб борилган бўлиб, шундан 256 та рекламаларда камчиликлар аниқланган. Масалан, фуқаро Т.Ш. “Bellissimo Pizza International” МЧЖ томонидан ўтказилган “PUBG MOBILE: Bellissimo Pizza Takliflari” акциясида иштирок этган. Ушбу акция шартларига кўра, буюртма қилинган пицца учун “PUBG MOBILE” коллекциясидан иборат бўлган ўйинчоқлар тақдим этилиши керак эди, бироқ компания акция шартини бажармаган. Қўмитанинг бевосита аралашуви билан ушбу ҳолат ижобий ҳал этилиб, фуқарога махсус ютуқ етказилиши таъминланди.
Ёки яна бир ҳолатда фуқаро О.Ф томонидан “Тошкент авто марказ” МЧЖдан ONIX русумли автомобил харид қилинган. Жамият томонидан эълон қилинган акция доирасида 8 миллион сўм кешбек фуқарога берилмаган. Мазкур ҳолат бўйича Қўмита томонидан Вазирлар маҳкамасининг 225-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан иш қўзғатилган ва бугунги кунда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Ф.Сулайманов таъкидлашича, мазкур талаб, меъёр ва тартиблар барча тадбиркорлик субъектлари учун, савдо марказларию дўконлардан тортиб то электрон шаклда хизмат кўрсатадиган савдо майдончаларигача бир хил татбиқ этилади.
– Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтиб, фаолият юритаётган электрон платформалар сони анча ошди, – деди у. – Агар бундай субъектлар ҳам қонунчилик талабларини бузса, уларнинг фаолияти махсус комиссия томонидан ўрганилади ва қонун бузилиши ҳолати аниқланса, молиявий жарималар, жавобгарлик чоралари, реклама фаолиятини тўхтатиш каби қатъий санкциялар қўлланилади. Масалан, реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкциялар базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан юз баравари миқдорида жарималар солишга сабаб бўлади. Такрорий ҳолатларда жарима миқдори яна оширилади. Тадбиркорлик субъекти литсезиялаш фаолият тури бўйича, лицензиялаш оргнига ҳам тегишли таклифлар киритилади. Ҳолатдан келиб чиқиб, қайсидир ҳолатларда маъмурий ва қайсидир вазиятларда жиноий жавобгарлик ҳам белгиланади.
Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш керак: ҳозир кўплаб фуқаролар Telegram, Instagram каби мессенжерларда шахсий гуруҳ ва каналлар очиб, “тадбиркорлик” қилиб, акциялар ўтказмоқда ва уларнинг фирибига учраётганлар ҳам оз эмас. Улар тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтмасдан, тадбиркор мақомига эга бўлмасдан фаолият юритадилар. Тўловларни шахсий карталарига ўтказиб оладилар. Бундай ҳолатлар аниқланганда, биз Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда вазиятни ўрганамиз ва фирибгар “тадбиркор”ларга албатта жавобгарлик белгиланади ва жазо тайинланади. Шу боис тадбиркорларни қонун талабларига қатъий риоя қилишга, истеъмолчиларни эса огоҳ бўлишга чақирамиз. Юртдошларимиз агар сохта чегирма ёки акциялардан жабр кўрсалар ёки бошқа қонунбузарликларга гувоҳ бўлсалар, қўмитанинг ишонч телефони — 1159 қисқа рақамига мурожаат қилишларини сўраймиз. Айтиш керакки, илгари бундай ҳолатларни текшириш учун аниқ механизмлар мавжуд эмас эди. Энди эса тартиб-қоидалар белгилаб қўйилди ва шу асосда назорат ҳам кучайтирилади.
Фаридун ЙӮЛДОШЕВ,
журналист








