Сўнгги вақтларда фуқаролар томонидан газ истеъмолини кузатиш ва бошқариш имконини берувчи HGT мобил иловаси орқали кунлик ва ойлик газ сарфи ҳақида маълумот олишда тўсиқлар юзага келган эди. Аниқроқ айтганда, иловадан тўлиқ фойдаланиш учун банк пластик картасини мажбурий тарзда боғлаш талаб қилинган, бу эса картаси боғланмаган истеъмолчилар учун маълумотларни кузатиш имкониятини чеклаган.
Бу ҳолат Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига бир қатор шикоятлар келиб тушишига сабаб бўлди. Қўмита мазкур муаммони ўрганиб чиқиб, истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқларини тиклаш мақсадида “Ҳудудгазтаминот” АЖ билан ҳамкорликда керакли чора-тадбирларни амалга оширди.
Натижада, HGT мобил иловасининг янги, такомиллаштирилган версияси ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Янги версия орқали фойдаланувчилар энди ўзларининг кунлик ва ойлик газ сарфи тўғрисидаги маълумотларини ҳеч қандай банк картасини боғламасдан ҳам эркин кўришлари мумкин бўлади.
Бу ўзгариш истеъмолчилар учун қулайлик яратиш билан бирга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Мазкур чоралар Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ амалга оширилди.
Жумладан, мазкур Қонуннинг:
• 4-моддасига мувофиқ истеъмолчилар товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эга;
• 6-моддасига мувофиқ ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги белгиланган.
• 21-моддасига мувофиқ шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонунчиликка зид бўлган талаблари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Агар уларни қўлланиши натижасида истеъмолчига зарар етказилган бўлса, бу зарар ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозимлиги белгиланган.