Жорий йилнинг 27 июнь куни Рақобат қўмитаси раисининг ўринбосари Фарруҳ Карабаев ва Буюк Британия ҳукуматининг маслаҳатчиси, бош иқтисодчи Милиан Сладое билан турли иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатлар бўйича икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилиш учун учрашув ўтказилди.
Учрашув Буюк Британия ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган ва Жаҳон банки томонидан амалга оширилаётган “Иқтисодий ривожланиш учун самарали бошқарув” дастури (Effective Governance for Economic Development, EGED) доирасида амалга оширилган ишларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Шунингдек, суҳбат давомида қуйидаги мавзуларга тўхталиб ўтилди:
Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонуни: Иккала томон ҳам ушбу қонуннинг мамлакатда рақобатни ривожлантириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашдаги муҳим роль ўйнашини таъкидладилар. Қонунга яқинда киритилган ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат иштирокидаги корхоналар сонининг қисқариши: Ф.Карабаев Ўзбекистонда давлат иштирокидаги корхоналари сонини қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида қисқача маълумот берди. Ушбу чора-тадбирлар давлатнинг иқтисодиётдаги бевосита иштирокини камайтириш ва рақобатбардош бозор муҳитини рағбатлантиришда катта аҳамиятга эгалиги, саноатнинг бир қанча тармоқларида эксклюзив ҳуқуқларнинг бекор қилиниши ҳам ушбу мақсад сари зарур қадам эканлиги таъкидланди.
“Иқтисодий ривожланиш учун самарали бошқарув” дастури: Учрашувнинг муҳим қисми Буюк Британия ҳукумати томонидан молиялаштирилган ва Жаҳон банки томонидан амалга оширилаётган, Ўзбекистонга халқаро экспертиза тақдим этишда муҳим роль ўйнаган EGED лойиҳасини муҳокама қилишга бағишланди. Лойиҳа “Рақобат тўғрисида”ги янги таҳрирда қабул қилинган қонунни кўриб чиқишда Буюк Британия ва Канада экспертларини жалб қилишга ёрдам берди.
Келажакдаги ҳамкорлик ташаббуслари: Икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга қизиқиш билдириб Ф.Карабаев Буюк Британиянинг Рақобат бозори бошқармаси (Competition Market Authority) билан келгусида ҳамкорлик қилиш имкониятларини таъкидлади. Муайян қизиқиш соҳалари қаторига “peer-to-peer” қўллаб-қувватлаш ва давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш бўйича умумий ёндашувларда ҳамкорликни амалга ошириш киради.
Иқтисодий таҳлил: Раис ўринбосари, шунингдек, Ўзбекистонда рақобатнинг иқтисодий ўсиш ва камбағалликни камайтиришга кўрсатадиган таъсирини ҳар томонлама таҳлил қилиш учун EGED дастури орқали ресурсларга эҳтиёж борлигини таъкидлади. Ушбу таҳлил келажакдаги сиёсий қарорлар ва ислоҳотларни бошқариш учун муҳим маълумотларни тақдим этиши кутилмоқда.
Учрашув якунида томонлар икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, янги имкониятлардан кенг фойдаланишга келишиб олдилар.