Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг
17-моддасига мувофиқ шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъект устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг (улушларнинг) эллик фоизидан ортиғини тасарруф этиш чоғида битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушум базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёхуд битим иштирокчиларидан бири товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш зарур ҳисобланади.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида ООО “АККЕРМАНН ЦЕМЕНТ” (Россия) “EUROCEMENT GROUP – CENTRAL ASIA” МЧЖнинг устав фондидан ҳамда “EUROCEMENT GROUP – CENTRAL ASIA” МЧЖ “OHANGARONCEMENT” АЖнинг устав капиталидан эллик фоизидан ортиқ акция (улуш) олиши масаласи Қўмита томонидан кўриб чиқилиб, товар бозорида таҳлил ўтказилган.
Таҳлил натижаларига кўра, инвесторлар цемент ишлаб чиқариш бозорида фаолият олиб бораётган бошқа хўжалик юритувчи субъектлар устав фондидан акция (улуш)ларни тасарруф этмаганлигини инобатга олиб битимларга розилик берилган.
Аксинча, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил
27 октабрдаги ПФ-6096-сон Фармонига мувофиқ “QIZILQUMSEMENT” АЖнинг устав капиталидаги 86,9 фоиз давлат улуши оммавий савдога қўйилган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги “UzAssets” инвестиция компаниясининг маълумотларига кўра, “United Cement Group PLC” компанияси билан “QIZILQUMSEMENT” АЖнинг устав капиталидаги 86,9 фоиз давлат улушини сотиш юзасидан келишувга эришилган.
Мазкур ҳолатда Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддасига мувофиқ хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги акциялари (улушлари) давлат хусусийлаштириш дастурлари доирасида олинишига доир битимларга монополияга қарши талаблар татбиқ этилмаслиги белгиланган.
Шу билан бирга, цемент ишлаб чиқариш бозорида рақобат муҳитининг ҳолати юзасидан таҳлил ўтказилаётганлиги ва таҳлил натижаларига кўра маълум хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи товар бозорида устун мавқеини эгаллаган деб эътироф этилган тақдирда, уларга нисбатан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар қўлланилиши билдирилади.
Маълумот учун, “OHANGARONCEMENT” АЖ ва “QIZILQUMSEMENT” АЖ бугунги кунда Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига цемент маҳсулоти ишлаб чиқариш бўйича киритилган бўлиб, ушбу корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга монопол юқори ва монопол паст нархлар қўлланилиши Қўмита томонидан доимий назорат қилиб борилади.