Рақобат қўмитасининг Самарқанд вилоятида кенг жамоатчилик вакиллари билан навбатдаги очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Унда Қўмита раиси маслаҳатчиси О.Усмонов, ҳудудий бошқарма бошлиғи Б.Тойиров ва бошқа тегишли ҳамкор ташкилотлар, жамоатчилик фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда ҳудудий бошқарма бошлиғи Б.Тойиров 2024 йил якунлари ва 2025 йил 1-чорагида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот берди.
Мазкур очиқ мулоқот давомида жисмоний ва юридик шахслардан 10дан ортиқ мурожаат ва таклифлар қабул қилинди.
Жумладан, фуқаролардан А.Темиров ва Ў.Худойбердиевлар ўзлари яшаб турган кўп қаватли турар жойга хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компаниясининг хизматларидан норозилигини билдириб, тўловлар олинса-да, етарлича вазифаларини бажармаётганлиги ва кўрсатилмаган хизматлар учун қайта ҳисоб-китоб қилиш юзасидан амалий ёрдам сўради;
“SAMARQAND OLTIN ASR” МЧЖ (БСК) вакилининг сув таъминотининг моддий техник базаси етишмаслиги натижасида улар томонидан хизматлар ўз вақтида бажарилмаётганлиги борасидаги муаммоларни бартараф этиш ҳамда маиший чиқинди ташиш хизматларида БСКларга қўшимча харажатлар вужудга келаётгани, уни бартараф этиш ва такомиллаштириш юзасидан мурожаатлари қабул қилиниб, ижрога йўналтирилди.
Шунингдек, “MO‘MIN OTA 1954” МЧЖ раҳбарининг аутсорсинг хизматлари бўйича ўтказиладиган давлат харидларида буюртмачи томонидан танлов савдоларига қўйиладиган ягона минимал талабларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш ҳамда танлов савдоларида рақобатни чеклайдиган ҳолатларни бартараф этиш борасидаги таклифлари белгиланган тартибда қабул қилинди.
Шу билан бирга, учрашув давомида Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган барча қурилиш корхоналарига истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка қатъий риоя қилиш ва амалдаги шартномаларни истеъмолчилар ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш юзасидан огоҳлантиришлар юбориш белгиланди.
Маълумот ўрнида. Ҳудудий бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар натижасида 2024 йил давомида 20 млрд сўмга яқин ҳамда 2025 йил 1-чоракда 2 млрд сўмдан ортиқ пул маблағлари истеъмолчилар ва тадбиркорлик субъектлари фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланган.