Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Сирдарё, Қашқадарё, Жиззах вилоятлари мисолида
Рақобат қўмитаси республикамиз миқёсида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида мунтазам равишда тизимли ишлар олиб бормоқда.
Жумладан,
Қорақалпоғистон Республикаси мисолида, Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро А.А. газ таъминоти бўйича қилган мурожаати Қўмита томонидан ўрганиб чиқилди. Ҳақиқатда истеъмолчи 1 896 960 сўмлик табиий газдан фойдалангани, қолган 6 172 750 сўмлик табиий газ асоссиз қарздорлик эканлиги аниқланди. Шунингдек, Қўмита томонидан “Ҳудудгаз Қорақалпоғистон” газ таъминоти филиалига мазкур асоссиз қарздорликни қайта ҳисоб-китоб қилиб, истеъмолчи фойдасига ихтиёрий равишда ҳал қилиш тўғрисида тегишли кўрсатма берилди.
Қашқадарё вилояти мисолида, Касби туманида истиқомат қилувчи фуқаро З.У. тумандаги савдо дўконларининг биридан сотиб олган электроскутер сифатсиз эканлигидан норози бўлиб мурожаат йўллаган. Ўрганишларда қисқа муддатда носозлиги маълум бўлган электроскутер кафолат муддатида сотувчи томонидан таъмирлатиб берилмагани маълум бўлди. Истеъмолчи уни сифатлисига алмаштириб беришларини сўраган, аммо бу талаб ҳам бажарилмаган. Ҳудудий бошқарма томонидан дўкон ходимига тушунтириш берилди. Шундан сўнг электроскутерга тўланган 11 800 000 сўм фуқарога қайтарилиши таъминланди.
Жиззах вилояти мисолида, Ш.Рашидов туманида яшовчи фуқаро “UZPAYNET” инфокиоскаси орқали ўз хонадонининг солиқ тўлови учун 450 000 сўм тўлов қилган, аммо мазкур пул маблағи солиқ ҳисоб рақамига тушмаган. Бу ҳақда хизмат кўрсатувчи шохобчага қилган мурожаатига жавоб берилмаган. Шундан сўнг фуқаро ҳудудий бошқармага мурожаат қилган ва қисқа муддатда ушбу масала ижобий ечим топди. Ўрганишлар давомида 2024 йил 3 июль куни “UZPAYNET” МЧЖнинг инфокиоскаси орқали тўлов амалга оширилганда ҳисоб рақамлардан бири хато терилгани оқибатида муаммо юзага келган. Натижада истеъмолчининг қонуний талаби қондирилди ва 450 минг сўмни тегишли ташкилотга йўналтирилиши таъминланди.
Сирдарё вилояти мисолида, Сирдарё туманида истиқомат қилувчи фуқаро Д.Ш. “ASAKA MOBILE” иловаси орқали 3 йилга истеъмол кредити олган ва уни белгиланган муддатидан икки ой аввал тўлиқ тўлаб юборган. Аммо хизмат кўрсатувчи компания томонидан фуқарога кредит учун шартномада кўрсатилган суғурта пулини қайтариб бермаган. Ўрганишларда ҳақиқатан ҳам мурожаатда келтирилган ҳолатлар ўз тасдиғини топди ҳамда ҳудудий бошқарма саъй-ҳаракатлари билан суғурта компанияси томонидан фуқарога 2 млн 416 минг 952 сўм миқдоридаги фойдаланилмаган суғурта мукофоти қайтариб тўлаб берилиши таъминланди.
Юқоридагиларга кўра, Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан хизмат кўрсатувчи ташкилотлар Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 12 ва 13-моддаларига зид равишда иш тутган деб топилиб, ташкилот масъулларига мавжуд тартиб-қоидалар ва унинг натижасида келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар ҳақида тушунтиришлар берилган.