“Green Dizel” МЧЖ (IBR)гa сифатсиз бензин сотгани учун молиявий жарима қўлланилди
Рақобат қўмитасига “Green Dizel” МЧЖ(IBR)га тегишли АЁҚШдан АИ-92 русумли ёқилғи бензин қуйдирган, натижада автотранспорти таъмирталаб ҳолатга келган фуқаро О.Ш. томонидан етказилган моддий зарарни ундирилишида амалий ёрдам сўралган мурожаат келиб тушди.
Қўмита томонидан ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида “O‘zenergoinspeksiya” билан ҳамкорликда мурожаат ўрганиб чиқилди.
Хусусан, мазкур МЧЖдан АИ-92 маркали бензиндан намуна сотиб олиниб, лаборатория таҳлилидан ўтказилганда мазкур маҳсулотнинг сифатсиз эканлиги, жумладан, октан сони 90,4 эканлиги, бензин аниқланган 1-сон қатордаги параметр бўйича O‘zDst 3031-2015 давлат стандарти талабларига мос келмаслиги маълум бўлди.
Шунингдек, Қўмитанинг саъй-ҳаракати билан фуқаро О. Ш.га етказилган моддий зарар “Green Dizel” МЧЖ томонидан қоплаб берилиши таъминланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан қонунбузарликка йўл қўйиб, сифатсиз бензин сотган ушбу АЁҚШга нисбатан “O‘zenergoinspeksiya” томонидан молиявий жарима қўлланилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасида истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи)нинг ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланиши белгилаб берилган.
Мазкур қонуннинг 7-моддаси кўра, агар товар (иш, хизмат) ҳақида нотўғри ёки етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилганлиги зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар (иш, хизмат) сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.