Президент Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва энергетика тизимини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича вазифалар ижроси юзасидан йиғилиш ўтказди.
Гидро электр станциялар кунлик энергияни барқарор таъминлашда энг самарали восита. Улардан олинадиган электр таннархи ҳам бошқа манбаларга нисбатан анча арзон. Шу боис бу соҳани ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Дастлабки ўрганишларга кўра, юртимиздаги гидроэнергетика салоҳияти 8 минг Мегаваттни ташкил қилади. Лекин ҳозир бунинг 2 минг 200 Мегаватти ишлатилмоқда холос. Соҳага хорижий инвестиция ва хусусий секторни жалб қилиб, 2030 йилга қадар жами қувватларни 6 минг Мегаваттга етказиш белгиланган.
Бунинг учун ҳуқуқий, иқтисодий шароитлар яратилган. Жумладан, кичик ва микро ГЭСларни қуриш истагидаги тадбиркорларга ерларни 20 йил муддатга ижарага бериш, улар ишлаб чиқарган электрни давлат томонидан кафолатли сотиб олиш тизими жорий қилинган.
Йиғилишда соҳадаги лойиҳаларнинг ҳозирги ҳолати кўриб чиқилди.
Бу йил 20 та, 2024 йилда 38 та кичик ва микро ГЭС қуриш режалаштирилгани, лекин айрим лойиҳалар кечикаётгани қайд этилди. Вилоят ҳокимлари яқин ойларда бу йилги 20 та станция ишга туширилиши ҳақида ахборот берди.
Шунингдек, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан жами қуввати 197 Мегаватт бўлган 7 та йирик ГЭС фойдаланишга топширилади. Бунинг ҳисобига электр ишлаб чиқариш 7 миллиард киловатт-соатга етказилади.
Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, мутахассислар томонидан гидроэнергетикада қўшимча 1 минг Мегаваттлик захира аниқланган. Мисол учун, Норин дарёсига каскадлар қуриб, 230 Мегаваттлик қувватларни ишга тушириш ва Намангандаги 450 минг аҳолига етарли электр ишлаб чиқариш мумкин.
Келгуси йилда қуёш ва шамол электр станциялари қуввати 3,5 минг Мегаваттга етади. Бунда, электр асосан кундуз куни ишлаб чиқарилиши ҳисобига, энергетика тизимида ростловчи қувватларга эҳтиёж ортади. Шу боис давлатимиз раҳбари 2030 йилни кутмасдан, режадаги 6 минг Мегаваттлик станцияларни қуриш бўйича беш йиллик дастур ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Лойиҳаларга хусусий шериклик асосида хорижий энергетика компанияларини жалб қилиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Маълумки, куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари Президентимизнинг доимий диққат марказида бўлиб турибди. Йиғилишда энергетика тизимидаги шу борадаги ишларга тўхталиб ўтилди.
Сўнгги беш йилда мазкур тармоқ ва трансформаторларни модернизация қилишга 4 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Жорий йилда Тошкент шаҳридаги энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича катта дастур бошланди.
Шунингдек, ҳар бир вилоятда куз-қишни беталафот ўтказиш учун камида 10 миллиард сўмдан захира шакллантирилмоқда. Бу маблағалар эвазига трансформатор, сим ва бошқа эҳтиёт қисмлар янгилаб борилади.
Умуман, ҳудудлардаги 33 мингта трансформатор ва 122 минг километр электр тармоқлари эскирган. Бу ҳолат, айниқса, Тошкент, Наманган ва Сирдарё вилоятларида кўп. Жорий йилнинг 9 ойида жами ишлаб чиқарилган электрнинг 12 фоизи йўқотилган.
Шу боис эскирган трансформатор ва тармоқларни янгилаш, электр йўқотишларини йилига 1-2 фоиздан камайтириб бориш зарурлиги таъкидланди.
100 мингдан ошиқ улгуржи истеъмолчи ҳамда 648 мингта янги хонадон электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланмагани қайд этилиб, бу борада тегишли кўрсатмалар берилди.
Айрим ҳудудларда қозонхона ва иссиқлик тармоқларини таъмирлашда қолоқликлар борлиги айтиб ўтилди. Ижтимоий соҳа муассасаларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ҳолати ҳам яхши эмас. Энергия сарфи юқори бўлган қозонларни янгилаш режаси тиббиёт муассасаларида 62 фоизга, боғчаларда 54 фоизга, мактабларда 40 фоизга бажарилган, холос.
Мутасаддиларга таъмирлаш ва модернизация ишларини жадаллаштиришга барча куч ва воситаларни сафарбар қилиш бўйича топшириқ берилди.
Шунингдек, куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасалари эҳтиёжи учун кўмир етказиб бериш масалаларига тўхталиб ўтилди. Бу борада қўшимча захира яратиш, хусусий секторни ҳам жалб этиш муҳимлиги қайд этилди.
Аҳоли эҳтиёжи учун етказиб берилган кўмирни юқори нархларда ноқонуний сотиб юбориш ва талон-торож қилишга йўл қўймаслик бўйича қатъий кўрсатма берилди.