Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғонага ташрифи чоғида Лола Муротова номидаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган касб-ҳунар мактаби очилди.
Лола Муротова Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳибаси бўлган. Бутун умрини шу соҳага бағишлаб, катта муваффақият ва ҳурмат қозонган.
Бу бой тажрибани ёшларга етказиш, қишлоқ хўжалигида ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш мақсадида ушбу таълим даргоҳи ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари бу ерда яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Касб-ҳунар мактаби 480 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда бошланғич профессионал таълим босқичида кадрлар тайёрланади. Ўттиздан ортиқ аудиториялар, еттита лаборатория, компьютер хоналари, фаоллар зали ва музей барпо этилган. Шунингдек, 150 ўринли турар жой, спорт зали, мини-футбол майдончаси, устахона, иссиқхона ва машғулотлар учун автодром ўқувчилар ихтиёрида бўлади.
Муассасага умумтаълим мактабларининг 9-синфини битирганлар ўқишга қабул қилинади. Ўқув жараёни бошланғич профессионал таълим дастурлари асосида, амалиёт билан боғлиқ ҳолда олиб борилади.
Шавкат Мирзиёев Лола Муротованинг кўп йиллик меҳнати, инсоний фазилатларини ёдга олди.
– Лола опа ўзбек аёлининг нималарга қодирлигини кўрсатди, шу билан бирга, жуда камтар ва соддадил эди. Фидокорлиги, меҳнатсеварлиги билан юртимиз ривожи ва ободлигига катта ҳисса қўшган эди. Бу жиҳатлар ёшларга ўрнак бўлиши, улар касбни яхши ўрганиши керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Мактабда “Германия тажрибаси” асосида ўқувчиларни қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш жорий этилади. Таълим жараёнини сифатли ташкил этиш, методик ёрдам кўрсатиш учун мактаб Фарғона давлат университетига бириктирилди. Шунингдек, муассасада “Фермерлар мактаби”ни ҳам ташкил этиш кўзда тутилган. Унда буюртмачилар маблағлари ҳисобидан фермерлар малака ошириш курслари йўлга қўйилади.