Мамлакатимизда электрон тижорат ва масофадан туриб (онлайн) маҳсулот харид қилиш хизмати йўлга қўйилган. Аммо баъзи электрон савдо дўконларидан ZoodMall, Asaxiy, Alif shop, Idea, Uzum Market, Korzink,uz, Openshop,uz, Sello, Sandiqshop ва бошқа электрон тижорат бозори иштирокчилари томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар талаб даражасида эмаслиги ҳақида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Рақобат қўмитаси фуқароларнинг мурожаатларини ҳисобга олган ҳолда иш-режа асосида электрон тижорат ва масофадан туриб (онлайн) маҳсулот сотувчи веб-сайтларни ҳамда оммавий оферта шартларини таҳлил қилиш мақсадида қуйидаги мавжуд электрон тижорат ташкилотларининг оммавий оферталарини ўрганиб чиқди.
12 та ҳолатда – Zood mall оферта шартномаси (22 та банд, 328 та кичик бандлардан иборат);
32 та ҳолатда – Olcha,uz оферта шартномаси (14 та банд,127 та кичик бандлардан иборат);
27 та ҳолатда – Uzum market оферта шартномаси. (13 та банд, 96 та кичик бандлардан иборат);
3 та ҳолатда – Elmakon,uz оферта шартномаси (10 та банд, 74 та кичик бандлардан иборат).
Ўрганишларда электрон савдоларда нуқсонли товарни алмаштириш ёки пулини қайтариб бермаслик, истеъмолчига тўлиқ, етарли ва ишончли маълумотлар тақдим этмаслик ва етказиб бериш муддатларини бузилиши каби қонунбузилиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланди. Қўмита томонидан мазкур электрон савдо дўконларига камчиликларни бартараф этиш юзасидан хат юборилди ва бугунги кунда оммавий оферталар қонунчилик талабларига мослаштирилиши таъминланди.
Бундан ташқари, Openshop,uz (Openshop МЧЖ), Orzon,uz (“Massa Impex” МЧЖ), Glotr,uz (“Web media group” МЧЖ), Uzum tezkor (“Uzum tezkor” МЧЖ ХК) ҳамда Dari,uz (“Podari shop” МЧЖ) электрон тижорат билан шуғулланувчи жамиятларнинг сайтларида ҳам ўрганиш ишлари олиб борилиб, бунда баъзи бир ҳолатларда сайтларидаги маълумотлар, айрим ҳолатларда эса оммавий оферталар давлат тилида юритилмаслиги аниқланди. Мазкур ҳолат бўйича жамиятларга тегишли огоҳлантириш хатлари юборилди ва тегишли маълумотлар Қонун талабларига мувофиқлаштирилди.
Хусусан, Қўмита ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда интернет тармоғидаги “https://service-eco,uz/” веб-ресурси ўрганиб чиқилганда миллий қонунчилик талабларига номувофиқлик ҳолатлари аниқланган. Мазкур веб-сайтнинг идентификация маълумотлари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Бутунжаҳон Интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 707-сон қарорига асосан тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурслари реестрига киритилди ҳамда ундан мамлакат ҳудудида фойдаланиш чекланди.
Рақобат қўмитаси томонидан бу каби ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Маълумот ўрнида. электрон тижорат соҳасида жорий йилнинг ўтган вақти давомида Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига 1048 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, савдо соҳаси бўйича келиб тушган мурожаатларнинг 15,3 фоизини ташкил этади.
Ўрганишларда 858 нафар истеъмолчи фойдасига 100 млн сўмга яқин миқдоридаги маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган бўлса, 9,3 млн сўмлик маҳсулотларнинг алмаштириб берилиши таъминланган.