Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида айрим турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархлари ошганлиги кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Хусусан, деҳқон бозорларда пиёзнинг нархи 10 минг сўм, картошка 7 минг сўм ва сабзи 5 500 сўм эканлиги қайд этилган.
Шу билан бир вақтда республика бўйича деҳқон бозорлар ҳудудида ташкил этилган арзонлаштирилган савдо ярмаркалари давом этмоқда. Бу эса аҳолининг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши, арзонлаштирилган нархларда сотиб олишига замин яратмоқда.
Республикада 2022-2023 йиллар қиш-баҳор мавсумида захирага жамғарилган (картошка, пиёз, сабзи ва гуруч) маҳсулотларни босқичма-босқич савдога чиқарилиши ва нархлари бўйича Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан доимий равишда мониторинг қилиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, 2022-2023-йилларга қиш-баҳор мавсуми учун захирага жами 639 минг тн қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, картошка 297 минг тн, пиёз 94 минг тн, сабзи 158 минг тн ва гуруч
90 минг тн жамғарилган.
Шунингдек, 2022 йилда 21 минг тн ва 2023 йил январда 6 минг тн пиёз, шу каби 2022 йилда 552 минг тн ва 2023 йил январда 10 минг тн картошка импорт қилинган.
Ўз навбатида, захирадан савдо ярмаркаларида чиқариладиган маҳсулотлар эркин бозор нархларига нисбатан арзон нархларда, хусусан, 1 килограмм мол гўшти (суякли) 60 000 сўмдан, тухум 1 200 сўмдан,
пиёз 4 000 минг сўмдан, картошка 3 500-4 500 сўмдан, сабзи 3 000 сўмдан, ўсимлик ёғи 17 500 сўмдан, ун 5 700 сўмдан ва шакар 11 500сўмдан сотилмоқда.
Бу каби ишларнинг амалга оширилиши аҳолига арзон ва сифатли маҳсулотларни етказиш билан бирга нархлар сунъий ва асоссиз равишда оширилишининг олдини олишга хизмат қилади.