Жорий йилнинг 8-9 март кунлари АҚШнинг Флорида штати, Бока Ратон шаҳрида АҚШ Товар фьючерслари савдоси бўйича комиссияси (CFTC) томонидан ташкил этилган Халқаро тартибга солувчи органлар учрашувида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раҳбарияти бошчилигидаги делегация иштирок этди.
👥Мазкур учрашув халқаро молия ва товар бозорларини тартибга солиш соҳасида фаолият юритувчи регуляторлар ўртасида тажриба алмашиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, унда 15 дан ортиқ давлатлардан 40 дан зиёд халқаро регулятор ташкилотлар вакиллари, жумладан АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Канада ва Сингапур каби давлатларнинг фьючерс бозорларини тартибга солувчи органлари иштирок этишди.
Тадбир доирасида муҳокама қилинган асосий мавзулар:
✅ Регулятор сиёсатини модернизация қилиш: назорат ва тартибга солишни замонавий иқтисодий талабларга мослаштириш, инновация ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш;
✅ Рақамли активлар бозори: трансчегаравий операциялар, хавф-хатарлар ва бозор шаффофлиги;
✅ Ўзини ўзи тартибга солувчи ташкилотлар (SRO): глобал интеграция ва инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилиш;
✅ Марказий клиринг ташкилотлари (CCP): клиринг институтларини барқарор назорат қилиш ва долзарб вазифалар.
Мазкур халқаро учрашув товар ва молия бозорларини тартибга солиш соҳасидаги илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш, соҳадаги замонавий ёндашувлар билан танишиш ҳамда Ўзбекистон ва хорижий регулятор ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилди.








