Блогерларнинг қиёфасидан қиморга асосланган ўйинларни реклама қилишда фойдаланилганлиги аниқланди
Сўнгги пайтда сунъий интеллект ёрдамида таниқли шахсларнинг фотосуратлари ва видеоларини қалбакилаштириш орқали фуқароларнинг ишончига кириш учун бошқа шахсларнинг овозлари ва тасвирларидан фойдаланилмоқда.
Хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали сунъий интеллект ёрдамида яратилаётган дипфейклар, сохта тасвирлар, ёлғон хабарларнинг сони ортиб бормоқда.
Дипфейк – бу таниқли давлат арбоблари, ҳукумат вакиллари ёки машҳур шахсларнинг кўринишлари ва ҳатто овозларини сунъий интеллект ёрдамида тақлид қилишдир.
Мисол учун, ижтимоий тармоқларда сўз устаси Элмурод Хақназаровнинг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда унинг овозини сохталаштириш орқали “Chiken Road” номли қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинга пул маблағларини ўтказиш ва бу орқали юқори даромад олиш мумкинлиги ҳақидаги рекламаси жойлаштирилганлиги кузатилди.
Рақобат қўмитаси томонидан бевосита Э.Хақназаровни жалб қилган ҳолатда ушбу ҳолат ўрганилганда, у ушбу рекламани жойлаштирмаганлигини, унинг овозидан сунъий интеллект ёрдамида сохта видео монтаж қилинганлигини билдириб, фуқароларни фирибгарлар ишончига киришга ва уларнинг пулларини ўзлаштиришга йўл қўймасликка чақирган ва бўйича тушунтириш берган.
Шунингдек, Қўмита томинидан олиб борилган тезкор ўрганишлар натижасида ижтимоий тармоқлардаги @dili.me саҳифасини юритувчи блогер Д.Назаров ҳамда @abdurahmonmufid саҳифасини юритувчи блогер А.Абдурахмоновлар томонидан қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилмаганлиги маълум бўлди.
Интернетда тарқатилаётган фейк видео – оригинал тасвирнинг сунъий интеллект ёрдамида мураккаб тарзда сохталаштирилган шакли ҳисобланади.
Ўз навбатида, Қўмита фуқароларни таниқли шахсларнинг қиёфаси ёки уларнинг овозидан фойдаланилган сунъий интеллект ёрдамида яратилган бундай хабарларга ишонмасликка, ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонунда тақиқланган товарларни рекламасига огоҳ ва диққатли бўлиши лозимлиги ҳақида огоҳлантиради.
Шу билан бирга, ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда мазкур контентни ишлаб чиққан шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш учун Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълумотлар юборилди.








