Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ижтимоий тармоқ (https://t.me/daydi2021/2376) орқали “Яна бир муҳим факт” мавзуида қолдирилган танқидий материал юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Рақобат қўмитаси бу борада ўтказилган ўрганишларда ижтимоий тармоқлар орқали биологик фаол қўшимчалар, малҳам, суртма, бальзам ва дамламалар, шифобахш(маъданли) сувларнинг тиббиётда даволаш қийин бўлган касалликларни даволаш ҳамда олдини олишда (профилактикада) энг мақбул ва самарали восита кўринишида тарғибот қилиш ҳолатлари маълум бўлди.
Мазкур рекламларда далил сифатида диний уламоларнинг суратлари, улар ҳақидаги видео ва аудио лавҳалардан фойдаланилган ҳолатлар мавжуд. Бу усул орқали даволаш учун тавсиялар ва кўрсатмалар берилиб, истеъмолчиларни маҳсулотларга нисбатан бўлган ишончини оширишга ва пировардида нотўғри (нохолис) тасаввурни ҳосил қилишга олиб келади. Асосийси, препаратларнинг алоҳида компонентлари турли хил одамларга турлича таъсир кўрсатиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунида реклама ахборотларини тарқатишга, шу жумладан биологик фаол қўшимчаларнинг рекламасига нисбатан қатъий талаблар белгиланган бўлиб, хусусан, Қонуннинг 35-моддасига кўра, биологик фаол қўшимчалар рекламаси:
- улар дори воситалари ҳисобланади ва (ёки) даволаш хоссаларига эга деган таассуротни уйғотмаслиги;
- уларни қўллаш натижасида одамлар даволанганлигига, уларнинг аҳволи яхшиланганлигига доир муайян ҳолларга ҳаволаларни ўз ичига олмаслиги;
- уларнинг қўлланилганлиги муносабати билан жисмоний шахслар томонидан билдирилган миннатдорчилик изҳорини ўз ичига олмаслиги;
- соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги;
- овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг тадқиқотлар ўтказилганлиги, давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги фактларга ҳаволалар қилиш, шунингдек бошқа тадқиқотлар натижаларидан уларни қўллаш учун тўғридан-тўғри тавсия шаклида фойдаланиш орқали дори воситаларига нисбатан афзалликлари ҳақидаги таассуротни юзага келтирмаслиги;
- ҳар бир ҳолда реклама обйекти дори воситаси эмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши кераклиги белгиланган.
Ўз навбатида, бугунги кунда Рақобат қўмитасига касаллиги туфайли даво топиш умидида рекламаларга ишониб, айнан шу каби маҳсулотларни сотиб олган ва натижада соғлиғи янада ёмонлашган истеъмолчилардан шу мазмунда кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Қўмита истеъмолчиларни нотўғри ва ишончсиз рекламалардан ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасига юборган хатига асосан реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари (диний уламолар томонидан биологик фаол қўшимчалар (БАД), малҳам, суртма, бальзам ва дамламалар, шифобахш (маъданли) сувларни кенг жамоатчилик ўртасида реклама ахборотларини тарқатмаслик) ҳақида тушунтириш ва профилактика тадбирлари амалга оширилиши таъминланди.