Бутун мусулмон уммати катта шоду хуррамлик ила кутиб олаётган Ийд Рамазон ҳайити билан барча мўминларни чин қалбимдан самимий табриклаб, энг эзгу тилакларимни билдираман. Асрлар давомида эл-юртимизнинг маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаб, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаб келаётган ушбу қутлуғ байрам барчамизга муборак бўлсин!
Мана шундай шукуҳли ва саодатли айёмда ҳаммамиз аввало Аллоҳ таборака ва таолога беадад шукроналар айтишимиз табиийдир. Барчамизга яхши маълумки, Юртимизда сўнгги йилларда миллий-диний қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, эътиқод эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, турли миллат ва элатлар ўртасида тотувлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳити тобора юксалиб бормоқда.
Қадрли дўстлар!
Диний ва миллий қадриятларимиз уйғунлашган ушбу муқаддас кунларда яқинлардан хабар олиш, катталарга ҳурмат-иззат кўрсатиш, кичикларни хурсанд қилиш, етимларнинг бошини силаш, муҳтожларга меҳр-саховат кўрсатиш, шунингдек, ўтганларнинг руҳини шод этиш каби урф-одатларимиз ўзгача шукуҳда ўтади.
Фурсатдан фойдаланиб, саховатпешалиги, инсонпарварлиги билан турли синовлардан муносиб ўтиб келаётган матонатли халқимизга самимий миннатдорчилигимни билдириб қоламан.
Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб турган ушбу саодатли лаҳзаларда Сиз азизларни яна бир бор муборак Ҳайит айёми билан чин дилдан қутлаб, барчангизга Яратгандан мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахту саодат, тинчлик-хотиржамлик ва хонадонингизга файзу барака тилайман.
Ушбу лаҳзаларда дуогўй кексаларимизнинг эзгу тилаклари ижобат бўлсин!
Шукуҳли байрамнинг нурлари барча ташвишларимизни аритсин!
Юртимиз доимо тинч, халқимиз ҳамиша соғ-омон бўлсин!
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ш.Шарахметов