Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига Чиноз тумани фермер хўжаликларининг йўллаган мурожаати Қўмитанинг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ваколат доирасида ўрганиб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, “Агробанк” АТБ товар ёки молия бозорида давлат реестрида “Фермер хўжаликларини кредитлаш хизмати” бўйича устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект ҳисобланади.
Мазкур мурожаатни ўрганиш давомида фермер хўжаликлари “Агробанк” АТБ Чиноз филиали билан кредит шартномаси ва таъминотчи ташкилотларни ихтиёрий танлаш бўйича шартнома имзолаган. Бироқ “Агробанк” АТБ бош офисининг Агросаноат мажмуини кредитлаш бўлими томонидан фермер хўжаликлардан ушбу кредитларни ажратилишида маблағлардан эркин фойдаланишига ҳамда моддий ресурслар етказиб берувчиларни ихтиёрий танлашида бир қатор сунъий ҳамда бюрократик тўсиқлар, хусусан фермер хўжаликларига ажратиладиган ушбу кредит маблағлари ҳисобидан минерал ўғит, ёқилғи мойлаш маҳсулотлари, техника хизмати ва техникаларга эҳтиёт қисимлар сотиб олишда Чиноз тумани ҳокимлигидан ушбу етказиб берувчи корхоналарни таъминотчилар рўйхатига қўшиш учун асоссиз равишда хат талаб қилиш ҳолати маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.03.2020-йилдаги ПҚ-4634-сонли ва 15.11.2021-йилдаги ПҚ-10-сонли қарорлари билан юқоридаги кредит ажратиш тизимининг тартиб-таомиллари белгиланган ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 11.03.2021-йилдаги 130-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларига асосан унинг тартиблари белгиланган.
Бундан ташқари, ўрганиш даври маълумотларига кўра, “Агробанк” АТБ Чиноз филиали маълумотларига асосан фермер хўжаликларига Ғалла-2024 йил ҳосилини етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредит маблағининг ишлатилган қисми 4. 6 млрд сўмни ташкил этиши аниқланди.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, “Агробанк” АТБ Тошкент вилоят бошқармасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни бузилиши аломатлари бўйича тегишли тартибда иш қўзғатилиб, белгиланган тартибда чора қўлланилди.
Шунингдек, бу каби ҳолатлар юзасидан Республика бўйича ҳам ҳудудлар кесимида ўрганишлар ўтказилмоқда.