Ҳар қандай жамият ва давлатда монополияга қарши муайян тузилмалар яратилиб, таъсирчан чоралар қўлланилади. Бундан кўзланган мақсад монопол корхоналар ўз мавқеидан фойдаланиб, бозорда устунликка эга бўлмаслигини таъминлашдир. Соғлом рақобат иқтисодиёт ривожи ва инсон фаровонлигига хизмат қилувчи энг муҳим восита ҳисобланади. Бу ҳақда Президентимиз жорий йилнинг 5 август куни рақобатни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишиш чоғида алоҳида таъкидлади.
Тақдимотда қайд этилганидек, сўнгги беш йилда мамлакатимизда 25 дан ортиқ товар бўйича рақобат муҳити яхшиланган. 7 та фаолият тури бўйича рақобатни чекловчи эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинган. Давлат иштирокидаги корхоналар 42 фоиз камайиб, тадбиркорлик субъектлари сони 1,6 баробар кўпайган.Ўтган йили “Рақобат тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниши эса бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришга хизмат қилди. Чунки шу қонун асосида масъул ташкилотлар ваколатлари кенгайиб, кўриладиган чоралар таъсирчанлиги ошди. Лекин булар ҳали етарли эмас. Қилинадиган ишлар талайгина. Давлатимиз раҳбари тақдимотда ушбу жиҳатга алоҳида эътибор қаратганининг боиси ҳам шунда. Шундан келиб чиқиб, ҳозир “2024–2028 йилларга мўлжалланган рақобатни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси устида ишланяпти.
Рақобат йўналишида концепция яратиш ғояси бир-икки кун ёки бир-икки ойда шаклланиб қолгани йўқ. Бунга йиллар давомида тайёргарлик кўрилди.
Хўш, концепцияда қандай ўзгариш ёки янгиликлар бўлади? У сиз-у бизга нима беради? Эътиборлиси шундаки, бу орқали, аввало, рақобат ривожланиши индекси ҳисоблаб борилиши натижасида рақобат ривожланмаган соҳалар аниқланиб, мавжуд тўсиқ ва муаммолар босқичма-босқич ҳал этилади. Тадбиркорлик субъектларининг бозорларга эркин киришига тўсқинлик қилувчи омиллар, хусусан, ортиқча талаблар, қийинлаштирувчи нормалар бекор бўлади. Рухсат берувчи жараёнлар ва лицензиялар жавобгарликни мажбурий суғурталаш билан алмаштирилади. Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш чоралари давом эттирилади.
Давлат органлари ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш орқали ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархлари шаклланиши занжирининг барча бўғинларини (ишлаб чиқариш ёки импорт – биржа – улгуржи – чакана савдо) рақамли мониторинги юритилади. Рақобатни ривожлантиришнинг самарали механизмлари яратилади. Хусусан, энергетика, нефть-газ, сув хўжалиги, йўл қурилиши, темир йўл ва аэропорт хизматлари каби қатор соҳаларда 17 турдаги давлат монополияси босқичма-босқич тугатилади. Давлат харидларида рақобатга зид ҳаракатларнинг олди олиниб, жараён шаффофлиги таъминланади. Давлат ёрдамини беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлил қилиб борилади, камида 10 та эксклюзив ҳуқуқ бекор қилинади. Шу мақсадда 2024 йилда рақобатни ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича 12 та банддан иборат “йўл харитаси” тасдиқланмоқда.
Тақдимотда тўғридан тўғри давлат харидлари кўлами қисқартирилиши ҳам айтиб ўтилди. Бу нима дегани? Буни тушуниш учун сал олдинроққа назар ташлаш керак. Гап шунда-ки, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 27 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан давлат буюртмачилари томонидан тўғридан тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати тасдиқланган. Ушбу рўйхатдаги товарлар (ишлар, хизматлар) давлат буюртмачилари томонидан тўғридан тўғри шартномалар асосида харид қилиниши мумкин. Жумладан, ўтган йили республика бўйича жами 253,3 триллион сўмлик давлат харидлари амалга оширилган бўлса, шундан 138,3 триллион сўмлик харидлар, яъни 54,6 фоизи тўғридан тўғри, рақобатсиз шаклда бажарилган.
Айни пайтда бу борадаги рақобатни таъминлаш, давлат буюртмачилари учун қулай имкониятлар яратиш, шунингдек, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Президентимизнинг “Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси ишлаб чиқилган. Лойиҳада қатор янгиликлар мавжуд. Масалан, давлат буюртмачилари томонидан тўғридан тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати 48 тадан 17 тагача қисқартирилмоқда.
Шунингдек, давлат буюртмачиси томонидан энг мақбул таклифларни саралаб олиш йўли билан харид қилиниши мумкин бўлган 31 та товар (иш, хизмат)лар рўйхати тасдиқланяпти.
Мазкур рўйхатда назарда тутилган товар (иш, хизмат)лар хариди харид комиссияси иштирокисиз ўтказилиши мумкин. Бунда ғолиб давлат буюртмачиси томонидан очиқ ахборот манбаларидан олинган ахборотларни солиштириш йўли билан ва (ёки) товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) салоҳиятли етказиб берувчиларидан таклифларни ўрганиш йўли билан аниқланади. Бундан кўзланган асосий мақсад эса бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш, харажатларнинг тўғри тақсимланиши ва адолатли сарфланишига эришишдир.
Аксарият мамлакатларда табиий монополиялар фаолиятини мустақил бозор регуляторлари тартибга солади. Уларнинг асосий жиҳати давлат аралашувисиз фаолият юритишидир. Масалан, Буюк Британияда 14 та саноат регулятори тармоғи, Францияда регулятор сифатида тартибга солувчи 9 та тизим, АҚШда турли соҳаларда 20 дан ортиқ, Германияда 8 та регулятор, Швейцариянинг 6 та тармоғида асосан регулятор вазифасини бажарувчи тузилмалар, Японияда 6 та йирик мустақил бозор регулятори мавжуд.
Ўзбекистон иқтисодиётига яқин давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, Туркияда Энергия бозорини тартибга солиш органи, Латвияда Коммунал хизматлар бўйича комиссия, Грузияда Энергетика ва сув таъминотини тартибга солиш бўйича миллий комиссия, Арманистонда Ягона давлат хизматларини тартибга солиш комиссияси мавжуд. Худди шундай, энди бизда ҳам электр энергияси, табиий газ, темир йўллар, фуқаро авиацияси, аэропорт хизматлари, автомобиль йўллари ҳамда телекоммуникация соҳаларида мустақил бозор регуляторлари институтлари босқичма-босқич ташкил этилади. Натижада 2025 йил 1 январга қадар Рақобат қўмитасининг табиий монополия субъектларининг тарифларини тартибга солиш ва назорат қилиш функциялари мустақил бозор регуляторларига ўтказилади. Айни пайтда табиий монополиялар соҳасида биринчи бўлиб энергетика бозори регулятори — Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги ташкил этилиб, самарали фаолият юритмоқда.
Табиий монополияларни мустақил бозор регуляторлари орқали бошқаришнинг ижобий жиҳатлари бор. Аввало, тенглик ва адолат таъминланади. Таъсирчанлик ошади. Регуляторлар табиий монополиялар фаолиятини кузатиш ва уларнинг нархлари ҳамда хизмат сифатига таъсирини баҳолаш имконини беради. Бу, ўз навбатида, бозордаги рақобатни рағбатлантиради. Мустақил регуляторлар давлат сиёсатини самарали амалга оширишда ёрдам беради. Чунки улар мустақил қарорлар қабул қилиш ваколатига эга бўлади. Бу билан давлат аралашуви ва назорати камаяди. Истеъмолчилар ҳуқуқлари таъминланади. Регуляторлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, манфаатларини кўзлаб қарорлар қабул қилиш учун масъул ҳисобланади. Шаффофлик ортади. Бу эса жамоатчиликнинг ишончини оширади. Инновациялар рағбатлантирилади. Мустақил регуляторлар рақобатни рағбатлантириш ва табиий монополиялар фаолиятини назорат қилиш орқали бозордаги динамикани яхшилаш имконини беради. Умуман, уларнинг ташкил қилиниши стратегик бўлган соҳаларда рақобатни янада кучайтириш, монополлашув даражасини пасайтириш ҳамда инвестициялар жалб қилишга имкониятлар яратади.
Тақдимотда, шунингдек, кейинги уч йилда рақобатга зид икки мингдан зиёд ҳужжат аниқлангани, уларнинг асосийси ҳудудларга тегишли экани айтилди. Шу боис, қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ишини жонлантириш белгиланди. Қўмитамизда ушбу йўналишдаги ишлар бошлаб юборилган. Мисол учун, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилган тақдирда уларнинг мансабдор шахсларига маъмурий жавобгарлик жорий этилади. Қўмитанинг ҳудудий органлари мутахассислари миллий ва халқаро даражада ўқитилади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган ҳужжатларнинг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги масофадан туриб доимий равишда мониторинг қилиб борилади.
“Рақобат тўғрисида”ги Қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 мартдаги қарорига асосан, фаолиятнинг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминлаш, уларнинг бузилиши хатарларини аниқлаш ва олдини олиш мақсадида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда устав фондининг 50 фоизи ва ундан ортиғи давлатга тегишли бўлган юридик шахслар фаолиятида монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилмоқда. Бугунги кунга қадар жами 245 та, шундан 69 та табиий монополия субъектида, 74 та товар ёки молия бозорида устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектда, 35 та маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органида, 31 та республика ижро этувчи ҳокимият органида ҳамда давлат иштирокидаги 36 та корхонада монополияга қарши комплаенс тизими тўлиқ жорий этилди ва мазкур тизим фаолияти учун масъул ходимлар тайинланди.
Умуман олганда, корхоналарда монополияга қарши комплаенс тизими ижобий натижаларини бермоқда. Мисол учун, танлов (тендер) савдоларда рақобат муҳити таъминланганлиги ўрганилганда 49 ҳолатда иштирокчилар ўртасида ўзаро аффилланганлик ва келишиб олинган ҳаракатлар мавжудлиги аниқланган. Мазкур савдоларни бекор қилиш ҳамда қайта ташкил этиш бўйича тегишли таклифлар берилиши натижасида қонун бузилишининг олди олинган. Иккита ҳолатда юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар белгиланган график асосида биржа савдоларига қўйилишида камчиликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилган. Рақобат қонунчилиги талаблари бузилишлари ҳақида мурожаатларни тезкор қабул қилиш мақсадида 20 дан ортиқ корхонанинг расмий веб сайтларида “рақобат чекланиши ва картель келишувлари ҳақида хабар бер” саҳифалари яратилган.
Ҳалилилло ТУРАХУЖАЕВ,
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси