Ижтимоий тармоқ орқали “NRG Jomiy” уй-жой комплексидан хонадон харид қилганликлари, хонадон калитларини мулкдорларга топшириш маросимида маъмурият томонидан “NRG Jomiy” бошқарув сервис компаниясига ҳар бир квадрат метр майдон учун 11000 сўмдан 3 ойлик тўловни олдиндан тўланиши шартлиги, акс ҳолда калитларни берилмаслиги ҳамда иссиқлик тизими 2025 йилнинг январь ойининг охирида ишга туширилиши тўғрисида маълум қилинганлигидан норозилигини билдирган мурожаат юзасидан Рақобат қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита томонидан “Nazarov Rakhimbayev GROUP” МЧЖга юборилган сўров хатига асосан берилган жавоб хатида “NRG HIGH PROJECT” МЧЖ ҚК (қурувчи компания) ва “NRG SERVICE FОR ALL” МЧЖ ўртасида Тошкент шаҳри, Уста Ширин кўчаси, 17-уйда жойлашган қурилиш объектида (“NRG Jomiy” турар-жой мажмуаси) сақлаш ва хизматларини кўрсатиш бўйича шартнома тузилиб, мулкдорлар билан бошқариш усулини танлаш юзасидан ўтказиладиган йиғилишига қадар Қурувчи томонидан жалб қилинган бошқарувчи “NRG SERVICE FОR ALL” МЧЖ томонидан кўп квартирали уйни бошқариш бўйича хизматлар кўрсатилиши тўғрисида маълум қилинган.
Шунингдек, кўп қаватли уй-жойни бошқариш тўғрисида шартнома тузилиши, асосий қоидалари ҳам мулкдорларга етказилиши, кўп квартирали уйни сақлаш ва бошқарув компанияси томонидан уйни сақлаш бўйича ишлар рўйхати ва харажатлар сметаси тайёрланиб, хонадон майдонининг ҳар бир квадрат метри учун тўлов миқдори 11 000 сўм этиб белгиланганлиги тўғрисида ҳар бир мулкдорга йиғилишда ҳуқуқий тушунтиришлар берилганлиги маълум қилинди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг:
6-моддасида, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги;
8-моддасида, истеъмолчи шартнома тузиш йўли билан товарни (иш хизмат)ни эркин сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу шартномага кўра сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига олишлари;
19-моддасида, Ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шартлиги;
агар ижрочи шартномани ижро этишга ўз вақтида киришмаса ёки шартноманинг белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлиб қолса, истеъмолчи ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномадан воз кечишга ва етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлилиги;
21-моддасида, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-5152-сонли қарорининг 7-бандининг г-кичик бандида:
қурилиши тугалланган ва фойдаланишга қабул қилинган кўп квартирали уй-жойни бошқариш биринчи икки йилда қурувчи томонидан амалга оширилади ҳамда мазкур муддатга кўп квартирали уй-жой эксплуатациясининг кафолат муддати жорий қилинади. Бунда:
қурувчи томонидан бошқариш усули танланади ёки мазкур вазифани амалга ошириш учун шартномага асосан бошқарувчи ташкилот жалб қилиниши мумкинлиги;
қурувчи кўп квартирали уйдаги жойни сотиб олиш истагида бўлган шахсларни танланган бошқарув усулидан хабардор қилиши ва уй-жойни олди-сотди шартномаси билан бир вақтда бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузилишини ташкиллаштириши лозимлиги;
кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорлари ўзгариши натижасида умумий мол-мулкни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни таъмирлаш учун умумий харажатларда иштирок этиш бўйича мажбуриятлар янги мулкдорга ўтиши;
биринчи икки йил ичида кўп квартирали уй-жойдаги қурувчидан ташқари мулкдорларнинг сони эллик фоиздан ошган тақдирда мулкдорлар томонидан белгиланган тартибда умумий йиғилишнинг қарорига мувофиқ кўп квартирали уй-жойни бошқариш усули танланиши белгиланган.
Юқоридагиларга мувофиқ, “NRG SERVICE FОR ALL” МЧЖ бошқарув компанияси томонидан “NRG Jomiy” уй-жой комплекси мулкдорларига коммунал хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ муаммоли ҳолатларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилишини сўраб Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясига ҳолат юзасидан маълумотлар юборилди.
Шу билан бирга, ушбу танқидий материал юзасидан олиб борилган ўрганиш натижалари бўйича Қўмита қўшимча маълумот тақдим этишини маълум қилади.