3 МЛРД СЎМГА ЯҚИН ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИДА ҚОНУНБУЗИЛИШ ҲОЛАТИГА ЙЎЛ ҚЎЙГАН КОРПОРАТИВ БУЮРТМАЧИЛАРГА НИСБАТАН ТЕГИШЛИ ТАЪСИР ЧОРАЛАРИ ҚЎЛЛАНИЛДИ
Рақобат қўмитасининг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан давлат харидлари соҳасидаги шаффофлик ва рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида олиб борилган ўрганишлари натижасида қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, корпоратив буюртмачилар томонидан давлат харидлари жараёнида амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда ҳаракат қилингани маълум бўлди.
Жумладан, “FIRDAVS-N GRAND” МЧЖнинг мурожаати асосида ўтказилган ўрганиш жараёнида “ИССИҚЛИК ТАЪМИНОТИ” МЧЖ томонидан бошланғич қиймати 750 млн сўмга яқин бўлган танлов савдосида қатор қонунбузилиш ҳолатлари содир этилгани аниқланди.
Текширув давомида ушбу танловда иштирокчилар учун рақобатни сунъий равишда чекловчи шартлар киритилгани, танлов ҳужжатларида акс этган талаблар асосида таклифлар тўлиқ ва холис баҳоланмагани, шунингдек, баҳолаш жараёнида қатор хатоликларга йўл қўйилгани тасдиқланди.
Шунингдек, “QIZILQUM FOSFORIT KOMPLEKSI” МЧЖда олиб борилган ўрганиш жараёнида бошланғич қиймати тахминан 2 млрд сўмга тенг бўлган 3 та танлов савдосида ҳам қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди. Ушбу ҳолларда харид жараёнида рақобатни чекловчи талаблар киритилгани, айрим иштирокчилар ўртасида афилланганлик (яъни, ўзаро боғлиқлик ва манфаатдорлик) ҳолатлари мавжудлиги маълум бўлди. Бу эса “Рақобат тўғрисида”ги ҳамда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунлар ва уларга мувофиқ қабул қилинган қонуности ҳужжатлар талабларини очиқ равишда бузиш ҳисобланади.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилганлиги аломатлари юзасидан юқоридаги субъектларга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Рақобат қўмитаси давлат харидлари соҳасида очиқлик, холислик ва тенг шароитда рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида бундай қонунбузарликларга нисбатан қатъий чоралар кўришни давом эттиради.