Рақобат қўмитаси томонидан юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотувчи ёғ-мой корхоналари томонидан ушбу турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига қўйилиши ва биржа савдоларида нархларни сунъий ошишини олдини олиш бўйича назорат ўрнатилиб, кунлик ва ойлик мониторинг кузатувлари олиб борилмоқда.
Қўмитанинг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “FOREVER SERVICE” МЧЖнинг пахта ёғи, пахта шроти ва пахта шелухаси маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотиш фаолияти юзасидан ўрганиш ўтказилди.
Олиб борилган ўрганиш натижаларига кўра, “FOREVER SERVICE” МЧЖ томонидан жами 4 млрд 800 млн сўмдан ортиқ жумладан, 117 тоннага яқин пахта ёғи, 717 тоннадан ортиқ пахта шроти ва 154 тонна пахта шелухаси тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотилиши натижасида юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни биржа савдоларида шаклланган ўртача биржа котировка нархлари билан таққосланганда жами 55 млн сўмга яқин тафовут (фарқ) ҳолатлари аниқланди.
Юқоридаги аниқланган ҳолатларга мувофиқ, Қўмитанинг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари билан “FOREVER SERVICE” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланилди.
Шу билан биргаликда, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-430-сонли қарорига асосан монопол бўлмаган ва (ёки) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган ёки давлат улуши мавжуд бўлмаган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилган пахта техник чигити, пахта мойи (шу жумладан, экстракция пахта мойи), қайта ишланган чигит чиқиндилари (шрот, шелуха) маҳсулотларини ички бозорда фақат биржа савдолари орқали реализация қилиниши белгиланган.







