“Yas-Petrolium Trade” МЧЖга (“Li Auto” автомашиналари рекламасида) қонунбузилиш ҳолати юзасидан молиявий жарима қўлланилди
Рақобат қўмитасининг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан олиб борилган мониторинглар натижасида “Yas-Petrolium Trade” МЧЖ фаолиятида реклама қонунчилиги талабларига риоя этилмаслик ҳолати аниқланди.
Хусусан, компаниянинг расмий telegram канали ва instagram саҳифасида “Li Auto” ни расмий дилери эканлиги бўйича ёлғон ва чалғитувчи рекламалар жойлаштирилганлиги аниқланди.
Бунинг натижасида истеъмолчиларда чалғитувчи тасаввур шаклланган ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар асосида қарор қабул қилиш эҳтимоли вужудга келган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Наманган вилояти ҳудудий бошқармасининг Махсус комиссияси томонидан “Yas-Petrolium Trade” МЧЖга нисбатан “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли моддалари талаблари бузилиши юзасидан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилди.
Рақобат қўмитаси барча хўжалик юритувчи субъектларни амалдаги қонунчиликка риоя қилиш, айниқса реклама фаолиятида аниқ, ошкора ва холис маълумотлар тақдим этишга чақиради.








