Янги қарор: Истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш бўйича тизимли чоралар белгилаб берилди
🖊 Жорий йилнинг 6 октябр куни Президентнинг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–296-сонли қарори қабул қилинди.
✏️ Мазкур қарор истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда рақамли ечимларни жорий этишга қаратилган.
Асосий янгиликлар:
I. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш
📆 2026 йил 1 мартдан бошлаб, рақамли маркировка тизими жорий этилган товарларнинг яроқлилик муддати ўтган тақдирда уларнинг савдоси автоматик равишда чекланади. Шу билан бирга, бундай товарлар бўйича назорат-касса аппарати орқали харид чеки чиқарилмайди.
Маълумот учун: Рақобат қўмитасига маҳсулот сифати ва нуқсони бўйича келиб тушган мурожаатлар сони:
• 2023 йилда — 3 535 та
• 2024 йилда — 5 889 та,
• 2025 йилнинг биринчи ярмида — 2 656 тани ташкил этган.
📈 Шунингдек, назорат тадбирлари натижасида аниқланган сифатсиз маҳсулотлар сони ҳам кескин қисқариб бормоқда
• 2023 йилда 94 %,
• 2024 йилда 87 %,
• 2025 йилнинг 6 ойида 85 % ҳолатда аниқланган).
II. Лаборатория хулосаларини рақамлаштириш
📆 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб, маҳсулотлар экспертизаси ва “E-laboratoriya” модули орқали расмийлаштирилган натижалар онлайн реестрда юритилади. Бу эса истеъмолчи шикоятларини тезкор ҳал қилиш ва хавфли маҳсулотларни бозордан чиқариш имконини яратади.
III. Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг иштирокини кенгайтириш
📆 2025 йил 15 октябрдан 2027 йил 1 январгача тажриба тариқасида нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан:
🔘истеъмолчилар мурожаатларини кўриб чиқиш,
🔘“Сирли мижоз” ва назорат хариди тадбирларини амалга ошириш тартиби жорий этилади.
♾ Бунда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилиб, “Сирли мижоз” тадбирлари орқали назоратнинг очиқлиги таъминланади.
IV. Янгича ҳамкорлик тизими
📆2025 йил 1 декабрдан бошлаб, “Истеъмолчи – тадбиркор – нодавлат ташкилотлар – давлат органлари” ўзаро ҳамкорлик тизими жорий этилади.
Бу тизим истеъмолчилар мурожаатларини кўриб чиқиш самарадорлигини ошириш ва идоралараро маълумот алмашинувини автоматлаштиришга хизмат қилади.
V. Истеъмолчи мурожаатларини мониторинг қилиш ва тизимли таҳлил
⚪️“Истеъмолчи мурожаати” электрон тизими орқали қабул қилинган мурожаатлар мониторинги йўлга қўйилади;
⚪️Солиқ қўмитаси ва тадбиркорлик субъектлари тизимлари билан интеграция орқали фуқароларнинг мурожаатлари ҳақида маълумот алмашиш йўлга қўйилади;
⚪️Мурожаатлар таҳлили асосида тезкор чора кўриш, ҳолатни баҳолаш ва жавоб бериш тизими жорий этилади.