Yandex Uzbekistan томонидан монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилди
Yandex Uzbekistan ўзининг такси агрегатори (“YGO UB” МЧЖ ХК томонидан кўрсатилади) ва озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни етказиб бериш агрегатори (“Y EATS” МЧЖ ХК томонидан кўрсатилади) хизматлари бўйича ўз фаолиятида рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этиш, бозорда шаффоф ва масъулиятли бизнес амалиётини таъминлаш мақсадида монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этди.
Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 9 – моддасига мувофиқ устун мавқега эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш мажбурий ҳисобланади.
Маълумот учун: “YGO UB” МЧЖ ХК такси агрегатори ва “Y EATS” МЧЖ ХК озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни етказиб бериш агрегатори хизматлари бўйича устун мавқега эга рақамли платформа оператори сифатида эътироф этилган.
Ушбу тизим компаниянинг ички жараёнларида рақобатга оид хавфларни ўз вақтида аниқлаш, уларни камайтириш ва бартараф этишга қаратилган бўлиб, бундай ёндашув рақобат қоидалари бузилиши эҳтимолини олдиндан бартараф этишга хизмат қилади.
Мазкур тизимга мувофиқ қуйидаги ҳаракатлар тақиқланган:
🔘товар ёки молия бозорида тақчилликни вужудга келтириш ёки ушлаб туриш, нархларнинг ошишига олиб келадиган ва (ёки) истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зарар етказиш мақсадида муомаладаги товарлар ҳажмини камайтириш;
🔘товар ёки молия бозорига бошқалар учун кириш учун тўсиқларни яратиш;
🔘истеъмолчиларнинг керакли миқдорда ва тегишли сифатдаги товарларни сотиб олиш ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйиш;
🔘ўз хизматлари учун монопол юқори ёки монопол паст нархларни белгилаш, шу жумладан алгоритмлар томонидан яратилган тарифлар, шунингдек маълум даврларда иқтисодий асоссиз юқори нархлар (тарифлар), энг юқори соатлар, объектив сабаблар бўлмаганда динамик нархларни қўллаш;
🔘тегишли товарни ишлаб чиқариш ёки реализация қилиш имконияти бўла туриб, шартнома тузишни асоссиз равишда рад этиш;
🔘шартнома предмети билан боғлиқ бўлмаган шартларни, шу жумладан мулк, ёки бошқа шахсга мулк ҳуқуқи, пул маблағларини ўтказиш бўйича асоссиз талаблар.
Шунингдек, Қонунчиликда кўзда тутилган бошқа талаблар ҳам белгиланган.
Ушбу тизимнинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида Компанияда махсус масъул шахс тайинланиши белгилаб қўйилган.
Монополияга қарши комплаенс тизимни бошқа устун мавқега эга платформаларда ҳам жорий этиш ишлари давом этмоқда.








