Рақобат қўмитаси томонидан Yandex Uzbekistan билан бир компаниялар гуруҳига тегишли бўлган “Plus Entertainment Services Holding Ltd” компанияси томонидан видео (шу жумладан, телевидение ва кино) ва аудио (шу жумладан, мусиқа) контентини онлайн узатиш ёки алмашиш хизматларини кўрсатувчи “Allplay” платформасига эгалик қилувчи “Allmedia Safe Service” МЧЖ ва “Anyway” МЧЖларнинг улушларини олиш бўйича аризаси кўриб чиқилди.
Рақобат қўмитаси томонидан “Allmedia Safe Service” МЧЖ видео (шу жумладан, телевидение ва кино) ва аудио (шу жумладан, мусиқа) контентини онлайн узатиш ёки алмашиш хизматлари бўйича рақамли платформа оператори сифатида устун мавқега эга деб эътироф этилган эди.
Ўзбекистон Республикаси бозорида “Yandex” компаниясига тегишли онлайн видео ва аудио контентни узатиш хизматини кўрсатувчи “Kinopoisk” рақамли платформаси ҳам фаолият юритади.
Қўмита Махсус комиссияси томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, мазкур битим юзасидан “Allplay” савдо белгиси остида фаолият юритаётган рақамли платформанинг тадбиркор ва якуний фойдаланувчилари бўлган жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан келгусида бир томонлама таъсир кўрсатмаслик ва уларни камситмаслик мақсадида, қуйидаги талаблар асосида олдиндан розилик бериш ҳақида қарор қабул қилинди:
“Allplay” платформаси операторини видео (шу жумладан, телевидение ва кино) ва аудио (шу жумладан, мусиқа) контентини онлайн узатиш ёки алмашиш хизматлари кўрсатувчи мустақил бозор иштирокчиси сифатида ўзининг фаолиятини сақлаб қолишини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 майдаги 256-сон қарори 2-иловаси билан тасдиқланган Низомнинг 19-бандида назарда тутилган ҳаракатларни ҳар қандай шаклда содир этмаслик ва ушбу Қонун ва қарор талабларига тўлиқ риоя этиш.








