Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига фуқаро Ишқурбонова Моҳичеҳра Баҳодировнанинг қилган мурожаати Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганилди.
Мурожаатда фуқаро Қарши шаҳар Насаф кўчасида қурилаётган қўп қаватли уйдаги хонадонлардан бирини сотиб олиш учун Қарши шаҳар “Норбўта савдо” хусусий корхонаси билан 2018 йилнинг 24 май куни расмийлаштирилган 57-сонли шартномага асосан унга уй қуриб топширилиши учун 66 миллион 900 минг сўм пул тўлаганлиги, лекин ўзи оғир касалга чалиниб қолиб, уй-жой тўловининг қолган бир қисмини тўлаш учун имкони бўлмаганлиги, тўлов амалга оширилмагандан сўнг эса қурувчи томонидан унга ажратиладиган уй-жойнинг бошқа шахсга бериб юборилганлиги билдирилиб, уй-жой учун тўлаган тўлов суммасининг қайтариб берилиши бўйича “Норбўта савдо” хусусий корхонасига мурожаат қилиб натижага эриша олмаганлиги сабабли истеъмолчи сифатида ҳуқуқларининг ҳимоя этилиши бўйича амалий ёрдам берилишини сўраган.
Вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ушбу мурожаатда қайд этилган муаммолар бўйича “Норбўта савдо” хусусий корхонасига сўров хати билан мурожаат қилинди. Мурожаатни ўрганиш давомида муаммо ечими юзасидан тўпланган ҳамда “Норбўта савдо” хусусий корхонасидан олинган маълумотлар таҳлили натижаларига кўра, ҳудудий бошқарма пудратчи корхонага қонунчилик талаблари асосида истеъмолчи томонидан тўланган тўлов пулининг қайтарилиб берилиши талабини қўйди ва мазкур талаб асосида 2023 йилнинг 14 июнь куни пудратчи субъект томонидан фуқаро Ишқурбонова Моҳичеҳра Баҳодировнага уй-жой учун тўлаган 65 млн. 900 минг сўмлик тўлов пули фуқаро фойдасига қайтарилиши таъминланди.