21-23-октябрь кунлари Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида халқаро реклама конференцияси, ABC show, энг яхши реклама танлови ғолибларини тақдирлаш маросими, шунингдек, брендинг экспертларининг маҳорат сабоқлари ва биринчи “TAF!OpenDay” бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Ўзбекистон маркетинг уюшмаси томонидан республикамизда реклама бозорини ва замонавий маркетинг хизматлари кўрсатиш даражасини янада ошириш мақсадида 2016 йилдан буён ташкил қилинаётган “ADWEEK” реклама ва маркетинг ҳафталигини ўтказишда яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Тадбирни Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Шахрух Шарахметов ва Ўзбекистон маркетинг уюшмаси раиси Диёр Мирзааҳмедов очиб бердилар.
Халқаро “TAF!2022” реклама фестивалида Ўзбекистон, Сингапур, БАА, Россия, Беларусь ва озарбайжонлик жаҳон брендлари билан ишловчи ва халқаро фестивалларда энг юксак совринларни қўлга киритган машҳур экспертлар иштирок этиб, маркетинг соҳасидаги асосий тенденциялар билан таништирдилар.
Халқаро реклама фестивали доирасида “TAF!2022” энг яхши реклама танлови бўлди. Унда халқаро ва маҳаллий 147 та бренд ва 56 та агентликнинг 268 та лойиҳаси қатнашди. Халқаро реклама конференцияси якунида “TAF!2022” энг яхши реклама танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.