Ўзбек тили – миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли. Шу боис, Президентимиз Ўзбек тили байрами куни муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табригида ҳам мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва аҳамиятини ошириш, уни замон талаблари асосида ривожлантириш масаласи миллий ўзлигимизни англаш, миллат руҳини сақлаб қолиш, ёруғ келажагимизни таъминлашнинг энг муҳим омили эканини алоҳида таъкидлади.
Шу ўринда айтиш керакки, 2022 йил янги таҳрирда қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги қонунга давлат тилига оид норма киритилди. Қонуннинг 6-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилади.
Реклама мазмунининг таржимаси қуйидаги талабларга риоя этган ҳолда бошқа тилларда такрор берилиши мумкин:
– реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги керак;
– ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг қирқ фоизидан ошмаслиги керак;
– рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши керак;
– теле ва радиоканалларда, шунингдек, босма нашрларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси ҳар кунги умумий реклама ҳажмининг йигирма фоизидан ошмаслиги керак.
Бундан ташқари, “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 20-моддасига асосан, лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши ва эълон қилиниши белгиланган.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда мутасадди ташкилотлар томонидан доимий равишда рекламаларнинг давлат тили қоидаларига мувофиқлигини таъминлаш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, ҳудудларда жойлашган ташқи реклама объектларидаги рекламаларнинг давлат тили қоидаларига мослигини ўрганиш юзасидан 9,5 мингга яқин мониторинг ўтказилди.
Шундан 35 фоиз ҳолатда рекламалар “Реклама тўғрисида”ги қонунда белгиланган давлат тилига оид талабларга мувофиқ эмаслиги аниқланган ва уларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилган. 16 фоиз ҳолатда рекламанинг матни бошқа тилларда берилган. Шунингдек, 17 фоиз реклама ва эълонлар матнида имловий ва луғавий хатолар мавжудлиги кузатилган.
Мазкур талаблардан келиб чиққан ҳолда, ўтказилган ўрганишларда давлат тилидан бошқа тилларда акс эттирилган ва имловий хатоларга йўл қўйилган ҳолатларни бартараф этиш, умуман, давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонунчиликка қатъий риоя этилиши юзасидан 1 600 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларига расмий огоҳлантириш тақдим этилди ва улар билан ўтказилган тушунтириш профилактика ишлари натижасида камчиликлар ихтиёрий равишда бартараф этилиши таъминланди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг август–сентябрь ойларида Тошкент шаҳри ва вилоятидаги ташқи ёзувлар, хусусан, пешлавҳа, реклама ва бошқа эълонлар, ахборот матнларининг давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини ўрганиш бўйича Ишчи гуруҳлар томонидан бевосита жойига чиққан ҳолда ҳар бир туман бўйича ўрганиш олиб борилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда реклама фаолиятини тартибга солишда айрим муаммолар сақланиб қолмоқда. Жумладан, қонунчиликда давлат тилига доир талаблар мавжуд бўлса-да, мазкур талабларни бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган. Бу ҳолат эса, ўз навбатида, реклама берувчилар томонидан қонун талабларига тўлиқ риоя этилмаслигига олиб келмоқда. Бунинг натижасида шаҳримиз кўчаларида бетартиб жойлаштирилган, турли-туман ажнабий тилларда ёзилган реклама ва бошқа ташқи ёзувлар кўпайиб бормоқда.
Шу ўринда А.Қаҳҳорнинг “Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди?”, деган сўзлари ёдимизга тушади.
Шунинг учун Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан рекламани тайёрлаш, жойлаштириш ва тарқатишдаги муносабатларни тартибга солиш, юқоридаги каби қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш, мамлакатимизда давлат тилининг нуфузи ва мавқеини янада ошириш, реклама беришда давлат тилига доир талабларни бузганлик учун фуқаро ва мансабдор шахслар учун маъмурий жавобгарлик белгилаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилди.
Лойиҳада давлат тилига доир талабларни бузганлик учун фуқаро ва мансабдор шахслар учун маъмурий жавобгарлик белгилаш, бунда, ташқи ёзувлар, хусусан, пешлавҳа, реклама ва бошқа эълонлар, ахборот матнларининг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида тақдим этиш шартлиги талаблари белгиланмоқда.
Бунда, албатта, рекламаларни давлат тили билан бирга бошқа тилларда ҳам бериш мумкин, бунга ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. Фақатгина, қонуннинг 6-моддасида белгиланганидек, реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги, давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолда жойлаштирилиши, бошқа тиллардаги таржима матни ҳарфининг ўлчами давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши каби талабларга риоя қилиниши керак.
Бинобарин, улуғ шоиримиз Эркин Воҳидов айтганидек, “Она тили – умуммиллат мулки. Демак, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий бўлиб, бу ёлғиз тилшуносларнинг эмас, бутун миллатнинг иши” эканини доимо ёдда тутишимиз лозим.
Асадулла ҚАЮМОВ,
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари