РАҚОБАТ ҚЎМИТАСИ ТОМОНИДАН ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ СОҲАСИДА НАЗОРАТНИ ТАЪМИНЛАШ ЮЗАСИДАН АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР
Рақобат қўмитаси томонидан давлат харидларида “Рақобат тўғрисида”ги ҳамда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан белгиланган тартибда назорат ва таҳлил ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Қўмита ва ҳудудий бошқармалар томонидан 2023 йилда давлат буюртмачилари томонидан ўтказилган 62 465 та танлов (тендер) савдоларида таҳлил ишлари олиб борилди.
Шундан, буюртмачилар томонидан 18 738 та (30 %) савдолар жараёнида 27 730 та рақобатга зид ҳаракатлар аниқланди.
Хусусан, Қўмита марказий аппарати мутахассислари томонидан жами 23 296 та танлов (тендер) савдоларида таҳлил ишлари олиб борилди. Таҳлил натижасида буюртмачилар томонидан 5 118 та (21,9 %) савдолар жараёнида 7 640 та рақобатга зид ҳолатлар аниқланган бўлса, ҳудудий бошқармалари томонидан эса жами 39 196 та танлов (тендер) савдоларида таҳлил ишлари олиб борилди. Таҳлил натижасида буюртмачилар томонидан 13 620 та (35 %) савдолар жараёнида 20 090 та рақобатга зид ҳаракатлар аниқланган.
Шу билан бирга, ушбу соҳа юзасидан Қўмита ва ҳудудий бошқармага жисмоний ва юридик шахслар томонидан 1 142 та мурожаатлар келиб тушган. Мурожаатлар асосида ўтказилган таҳлил натижасида 569 та ҳолатда рақобатга зид қонун бузилишлар аниқланган.
Юқорида аниқланган ҳолатлар юзасидан Қўмита томонидан тегишли ишлар олиб борилиб қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўрилган.
Шунингдек, қонун бузилишларининг рақобатга зид ҳолатлар кесимида ўрганилганда 70,0 % ҳолатлар савдолар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибни бузиш (баҳолаш мезонларини белгиламаслик, аффилланганлик ҳолатлари, нотўғри баҳолаш, шартнома тузишни рад этиш, манфаатлар тўқнашувини олдини олмаслик ва б.) билан боғлиқ бўлса, 30,0% да Савдолар иштирокчиларини асоссиз равишда четлаштириш (иштирокчиларни асоссиз четлаштириш, айрим иштирокчиларга имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш, ҳаддан зиёд юқори техник талаблар белгилаш, етказиб бериш муддатларини қисқа белгилаш, савдоларнинг предметига технологик ва функционал жиҳатдан боғлиқ бўлмаган қўшимча хизматларни киритиш кабилар ташкил этади.
Мисол учун,
- “ Milliy bank” АЖ томонидан бошланғич қиймати 20,4 млрд сўмга тенг бўлган “Андижон вилоятидаги банк филиалининг янги биносини қуриш” учун ўтказилган тендерда иштирокчиларни асоссиз харид тартиб таомилларидан четлатилганлиги аниқланган. Танлов натижаси Қўмитанинг кўрсатмасига асосан буюртмачи томонидан бекор қилиниб, тендер савдолари такроран ўтказилган.
- Хоразм вилояти Боғот тумани ободонлаштириш бошқармаси томонидан 5 та лотда қиймати 5,6 млрд сўмга тенг бўлган махсус техникаларни харид қилиш учун ўтказилган танлов савдоларида иштирокчиларнинг таклиф ҳужжатларини баҳолашда хато ва камчиликларга йўл қўйилган ва бу ҳолат харид натижасига таъсир кўрсатган. Танлов натижаси Қўмитанинг кўрсатмасига асосан буюртмачи томонидан бекор қилиниб, тендер савдолари такроран ўтказилган.
- “O‘rta Chirchiq GESlar kaskadi” УК томонидан ўтказилган махсус техник жиҳозлар хариди бўйича бошланғич нархи 3 млрд 550 млн сўм бўлган 2 та лот танловида иштирокчиларни асоссиз равишда четлаштирилган ва рақобатни чеклашга олиб келадиган ҳолатлар аниқланган. Қўмита махсус комиссияси қарори билан “O‘rta Chirchiq GESlar kaskadi” УКга нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилиб, Қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилган.
- Фарғона вилояти 2-сон туманлараро фтизиатрия диспансери томонидан бошланғич қиймати 969,9 млн сўм бўлган “Рақамли рентген аппарати флюорография билан” харидларида рақобатни чеклашга олиб келадиган талаблар киритилган. Танлов натижаси Қўмита томонидан қўзғатилган иш доирасида буюртмачи томонидан ихтиёрий бекор қилиниб, савдолар такроран ўтказилган.
- Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан 44 та мактабларда йўл ҳаракати хавфсизлиги хоналарини ташкил қилиш ва ускуналар билан таъминлаш бўйича бошланғич қиймати 1 595 млн сўм бўлган танловларда савдоларни ўтказиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибларининг бузилиши ҳамда айрим тадбиркорлик субъектларига имтиёзли шарт-шароитлар яратиб берганлик ҳолатлари аниқланган. Танлов натижаси Қўмитанинг кўрсатмасига асосан буюртмачи томонидан бекор қилиниб, такроран ўтказилган.
Юқорида аниқланган ҳолатлар юзасидан қонун бузилишига йўл қўйган 500 га яқин мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган