Жорий йилнинг 6-9 ҳамда 13-16-феврал кунлари Тошкент шаҳридаги “Radisson Blu Tashkent” меҳмонхонасида “Марказий Осиё мамлакатларида энергетика соҳасида адолатли тарифларга эришиш учун хизматлар нархини тартибга солиш” мавзусига бағишланган ўқув курси бўлиб ўтди.
Мазкур ўқув курси АҚШ Халқаро тараққиёт ташкилотининг (USAID) “Марказий Осиёда энергетика соҳасини тартибга солиш бўйича ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳамда АҚШнинг Коммунал хизматларни тартибга солиш миллий ассоциацияси (NARUC) билан ҳамкорликда ташкил этилган.
NARUC ташкилоти экспертлари томонидан электр энергияси тарифлари бўйича ишлаб чиқилган ушбу икки ҳафталик техник ўқув курси тўртта модулдан иборат бўлиб, Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон Республикаси энергетика соҳаси регуляторлари ҳамда институтлари ходимларининг салоҳиятини оширишга қаратилган.
Тадбир давомида халқаро аудиторлик-консалтинг компанияси “KPMG” экспертлари ҳамда соҳанинг минтақавий экспертлари томонидан “Регулятив ҳисоб” (6-7-феврал), “Хизматлар нархининг асосий таркибий қисмлари ва ҳисоблаш усуллари” (8-9-феврал), “Истеъмолчилар синфлари ўртасида харажатларни тақсимлаш жараёни (13-14-феврал) ва истеъмолчилар синфлари”, “Тарифларни аниқлаш ва заиф истеъмолчиларни ҳимоя қилиш” (15-16-феврал) модуллари бўйича техник ўқув курслари ўтказилди.
Ўз навбатида, ушбу техник ўқув курсида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Энергетика вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди идоралар масъул ходимлари иштирок этди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ахборот хизмати