Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан назорат-касса машиналари товар бозорининг рақобат муҳитини баҳолаш, истеъмолчиларнинг танлов имкониятларини ошириш ва ушбу бозорлардаги тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратишни таъминлаш мақсадида ўрганиш ўтказилди.
Онлайн назорат-касса машинаси – фискал модулга боғланиш имкониятига эга бўлган, фискал ҳужжатларни ҳосил қилувчи, фискал ҳужжатларни фискал маълумотлар операторига реал вақт режимида узатишни таъминловчи ва қоғозга чоп этувчи электрон ҳисоблаш машиналари, бошқа қурилмалар ва уларнинг комплекслари ҳисобланади.
Тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ давлат реестрига киритилган исталган турдаги онлайн-НКМ ёки виртуал кассаларни мустақил сотиб олиши ва ушбу қурилмага хизмат кўрсатувчи ихтиёрий Техник хизматларни кўрсатиш маркази (ТХКМ) орқали давлат солиқ хизмати органларидан рўйхатдан ўтказиши мумкин.
Қурилмалар ва марказларнинг реестрлари Давлат Солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида мавжуд.
• Онлайн-НКМлар реестри
• Виртуал кассалар реестри
• ТХКМ реестри
Таҳлил жараёнида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 23-ноябрдаги “Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 943-сонли қарорига мувофиқ, бугунги кунда, 36 турдаги онлайн назорат касса техникаларидан фойдаланилаётганлиги аниқланди.
Ўрганиш натижаларига кўра, 2020 йилда Республика бўйича ушбу бозорда жами 24 та хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 81 652 та маҳсулот сотилганлиги аниқланди. Шундан, “Фотон” АЖ томонидан 2 697 та маҳсулот сотилган, бозор улуши 3,4 фоизни ташкил этган.
Ўз навбатида, 2021 йилда Республика бўйича жами 24 та хўжалик юритувчи субъектлар томонидан жами 102 744 та маҳсулот сотилганлиги аниқланди. Шундан, “Фотон” АЖ томонидан 4 770 та маҳсулот сотилган, бозор улуши 4,6 фоизни ташкил этганлиги маълум бўлди.
Шу билан бирга, бугунги кунда назорат-касса машиналари ишлаб чиқариш ва сотиш бозорида 24 та хўжалик юритувчи субъект фаолият юритмоқда ва ушбу бозорда етарли даражада рақобат муҳити шаклланган.
Шунга кўра, “Фотон” АЖ назорат-касса машиналари ишлаб чиқариш хизмати бўйича, Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестридан чиқарилди.