Бугунги кунда дунёнинг кўпгина давлатларида асосий турдаги истеъмол товарлар нархларининг ўсиши кузатилмоқда. БМТнинг озиқ овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) 2022 йил март ойидаги ҳисоботида дунёда озиқ-овқат нархлари индекси ўртача 159,3 пунктни ташкил этгани, бу эса охирги 30 йилнинг энг юқори кўрсатгичи бўлганлиги қайд этилган. Шунингдек, ушбу кўрсатгич жорий йил февраль ойига нисбатан 12,6 фоизга, 2021 йил март ойига нисбатан эса 33,6 фоизга ошганлиги маълум қилинган.
Ушбу вазиятда қатор мамлакатлар зарурий товарлар экспортини чеклаш билан бир қаторда ўша турдаги товарларни импортини рағбатлантириш билан ички бозордаги нарҳларнинг барқарорлигини ушлаб туриш чораларини кўрмоқда.
Албатта, бу вазият бизнинг маммлакатимизга ҳам ўз таъсирини кўрсатиши мумкинлиги сабабли нарҳ-навонинг кескин ошиб кетмаслигини олдини олиш бўйича зудлик билан чора кўриш зарурияти туғилмоқда.
Шу муносабат билан республика аҳолисининг алоҳида турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини кафолатли таъминлаш, ички истеъмол бозоридаги ижтимоий аҳамиятга эга товарлар нархлари сунъий ва асоссиз оширилишининг олдини олиш, инфляция даражаси кескин ошиб кетишини олдини олиш ҳозирги куннинг энг долзарб масалаларидан биридир.
Шунга асосан, “Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга ва монополияга қарши чораларнинг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди. Фармонга кўра:
- 22 та турдаги импорт қилинадиган истеъмол ва озиқ-овқат маҳсулотлари (гўшт маҳсулотлари, балиқ, сут маҳсулотлари, цитрус мевалар, ўсимлик ёғи, бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари) божхона божларидан озод этилади;
- озиқ-овқатни импорт қилишда божларни оширилган ставкада қўллаш тўхтатиб турилади;
- давлат харидларида озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилиш бўйича чекловлар вақтинча тўхтатилади;
- республикага олиб кириладиган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларини давлат тилида мажбурий маркировка қилиш тартиби вақтинчалик тўхтатилади.
– 2022 йил 1 июндан бошлаб ўсимлик (пахта ва кунгабоқар) ёғи, кунгабоқар уруғлари ва бошқа ёғ ўсимликларининг уруғлари экспорти вақтинчалик тўхтатилмоқда.
Шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бозордаги нарх-навонинг асоссиз ошириш, рақобатни бузиш, бозорга киришга тўсқинлик қилиш ҳолатлари бўйича ваколатлари кучайтирилмоқда. Хусусан:
- Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кескин тебраниши даврида:
рақобатга зид ҳаракатлар натижасида нархларни сунъий оширишга нисбатан тўғридан-тўғри рақобат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган чораларни қўллаш;
нархларнинг асоссиз ўсиши ҳолатларини аниқлаш учун мавжуд захираларини хатловдан ўтказиш ва хатловда аниқланган маҳсулотларнинг ортиқча ҳажмини савдога чиқариш бўйича огоҳлантириш ва кўрсатма бериш;
- Аниқланган сифатсиз маҳсулотларни истеъмол муомаласидан чиқариш тўғрисида ишлаб чиқарувчи ва сотувчиларга кўрсатмалар бериш;
- Истеъмол товарлар савдосига ихтисослашган савдо комплекслари, тармоқлари ва бозорларда:
асосий озиқ овқат маҳсулотлари нархларини асоссиз ва сунъий ошириш, уларга бўлган танқисликнинг вужудга келтиришга қаратилган ғайриҳуқуқий ҳаракатларни;
истеъмол товарларга нарх-навони шакллантиришнинг белгиланган механизмларига риоя этилишини;
бозорлар ва савдо тармоқларига кириш бўйича сунъий тўсиқлар ва чекловларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар бериш ваколатлари берилмоқда.
Албатта, ушбу ваколатлар аваламбор бозорда нархларнинг сунъий оширилиши ва маҳсулотлар танқислигини келтириб чиқаришнинг олдини олишга қаратилган.
Бундай чора-тадбирлар нарх-навони барқарорлаштиришга қаратилган яна бир ҳаракат бўлиб, республика аҳолисининг арзон ва сифатли асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш асосий масала ҳисобланади.
Шундай экан, фуқароларимиз томонидан ҳам зарурий истеъмол товарларини исроф қилмаслик, республикадаги тадбиркорлик субъектларининг вужудга келиши мумкин тақчиллик вазиятидан фойдаланиб қолмасликлари ҳамда нархларнинг асоссиз оширмасликларини сўраб қоламиз.