Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумга ҳамда Қўмитанинг ички аудит, коррупцияга қарши комплаенс ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармасининг 2020 йил 1-ярим йиллик иш режасига асосан, Қўмита тизими ходимларини коррупцияга қарши курашиш соҳасида билим ва кўникмаларини ошириб бориш мақсадида ўқув семинарлари ташкил этиш белгиланган.
Шунга кўра, жорий йилнинг 28 апрель куни Қўмитанинг марказий аппарати, ҳудудий органлари ва идоравий мансуб ташкилот ходимлари учун Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари Рахмонов Бегзод Хасанович ва Эргашев Азамат Жўрахоновичлар иштирокида “Коррупцияга қарши курашиш ҳар биримизни бурчимиз” мавзусида ўқув семинари ўтказилди.
Семинарда коррупцион жиноятлар келиб чиқиши ва ривожланиши, коррупцияга қарши курашга оид халқаро стандартлар тизими ва хорижий давлатлар тажрибаси бўйича маърузалар қилинди. Тингловчилар ҳуқуқий нигилизм ва коррупциянинг салбий оқибатлари ҳамда унга қарши курашиш усуллари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишди. Шунингдек, «комплаенс-назорат» тизимининг тушунчаси, тартибга солиш асослари ва жорий қилиш мақсади ҳамда тарихи тўғрисида батафсил тўхталиб ўтилди.
Бундан ташқари, ўқув семинари давомида Қўмита раиси Шарахметов Шахрух Шатургуновичнинг соҳада коррупцияга қарши курашиш ва унга барҳам бериш юзасидан йўллаган мурожаати эълон қилинди.