Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан 2023 йилнинг 8 ойи давомида хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимларга олдиндан розилик олиш юзасидан жами 103 та мурожаат келиб тушган. Шундан, 15 та мурожаат хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олишга розилик олиш тўғрисида бўлса, 88 таси хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги акцияларни (улушларни) олишга олдиндан розилик олиш билан боғлиқ мурожаатлар.
Ушбу мурожаатларнинг 80 таси бўйича Қўмита махсус комиссиясининг битимларга розилик бериш тўғрисидаги қарори чиқарилган, 5 таси бўйича рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни берганлик учун йиғим белгиланган муддатда тўланмаганлиги учун махсус комиссиясининг розилик бериш тўғрисидаги қарори бекор қилинган, 17 таси бўйича олдиндан розилиги талаб этилмаслиги тўғрисида тегишли жавоб хатлари берилган.
Келиб тушган барча мурожаатлар таҳлил қилиниб, Қўмита томонидан жами 7311 млрд сўмлик битимларга олдиндан розилик берилди, шундан 53,5 фоизи, яъни 3910 млрд сўмлик (340,5 млн АҚШ доллари) битимлар хорижий инвесторлар ҳиссасига тўғри келади.
Хусусан, ҳисобот даврида қуйидаги бир нечта йирик битимларни тузишга Қўмита махсус комиссиясининг олдиндан розилиги берилган:
“TASHKENT AQUARIUM” МЧЖ томонидан “STARGATE SYSTEMS” МЧЖнинг устав фондидан 99,9 фоиз улуш олишига, (устав фонди миқдори: 371,4 млрд сўм);
“VEON UZBEKISTAN HOLDING B.V” компанияси (Нидерландия) ва “VEON CENTRAL ASIA B.V” компанияси (Нидерландия) шахслар гуруҳи сифатида “UNITEL” МЧЖ ҚКнинг устав фондидан 100 фоиз улуш олишига, (устав фонди миқдори: 31, 5 млн АҚШ доллари);
TOO “MAGNUM CASH&CARRY” компанияси томонидан (Қозоғистон) томонидан “MAJID AL FUTTAIM HYPERMARKETS” МЧЖ ХКнинг устав фондидан 100 фоиз улуш олишига (устав фонди миқдори: 210,6 млрд сўм).
“EMTEKO HOLDING SIA” компанияси (Латвия) томонидан “REKA-MED FARM” МЧЖ ҚКнинг устав фондидан 85,16 фоиз улуш олишига, (устав фонди миқдори: 5,37 млн АҚШ доллари);
“INSURANCE 8888” МЧЖ томонидан “PERFECT INSURANCE” АЖнинг устав фондидан 100 фоиз улуш олишига, (устав фонди миқдори: 37 ,2 млрд сўм).
Ўтган 8 ой давомида Қўмита томонидан розилик берилган битимлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда: 18 та ҳолатда қурилиш, 12 та ҳолатда савдо ва хизмат кўрсатиш, 10 та ҳолатда молия ва суғурта, 9 та ҳолатда енгил саноат, 9 та ҳолатда ахборот технологиялари ва дастурлаш, 7 та ҳолатда энергетика, 7 та ҳолатда рақамли платформа (финтех), 4 та ҳолатда машинасозлик, 3 та ҳолатда тиббий хизмат ва фармацевтика, 2 та ҳолатда туризм, 2 та ҳолатда бошқа соҳаларда Қўмита томонидан битимлар тузилишига розилик берилган.
Шунингдек, жорий йилнинг 8 ойи давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 июлдаги ПФ-6019-сон Фармонига мувофиқ давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этишга монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш юзасидан жами 32 та мурожаат келиб тушди. Шундан, 12 та ҳолатда товар бозори ривожланмаганлиги сабабли давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этишга, 1 та ҳолатда қайта ташкил этишга розилик берилди, 1 та ҳолатда товар бозори ривожланганлиги, ушбу бозорда хусусий тадбиркорлик субъектлари 5 тадан кўплиги сабабли давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъект ташкил этилишига розилик бериш рад этилди ҳамда 16 та ҳолатда давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъект ҳамда давлат муассасалари ташкил этилишига олдиндан розилик олиш шарт эмаслиги сабабли розилик талаб этилмаслиги тўғрисида хат юборилди.
Хусусан, давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этишга олдиндан розилигини олиш юзасидан:
“Oʻzbekgidroenergo” АЖнинг 65 фоиз ва “XJY Power Pte.Ltd” компаниясининг (Сингапур) 35 фоиз таъсисчилигида қуввати 15 МВтгача бўлган гидроагрегатлар ишлаб чиқариш бўйича “UGE – JINLUN” МЧЖ ҚК (устав фонди миқдори: 4,8 млрд сўм);
“Oʻzkimyosanoat” АЖнинг 49 фоиз ва “IPL Biologicals Limited” компаниясининг (Ҳиндистон) 51 фоиз таъсисчилигида биопестицидлар ва биоўғитлар ишлаб чиқариш бўйича “UzIPLBiologicals” МЧЖ ҚК ташкил этилишига (устав фонди миқдори: 1,2 млрд сўм) олдиндан розилик берилди.
Бундан ташқари, 2 та ҳолатда (“Ўзкимёсаноат” АЖ, “Олмалиқ КМК” АЖ) Қўмитанинг олдиндан розилигини олмасдан давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектлар ташкил этганлиги аниқланди ва улар бўйича белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, тегишли чоралар кўрилган.
Қўмита томонидан иқтисодий концентрация ва иқтисодиётда давлат иштирокини назорат қилиш соҳасида тизимли ишлар мунтазам амалга ошириб келинмоқда ва ушбу соҳада амалга оширилган ишлар юзасидан кенг жамоатчиликка батафсил маълумотлар тақдим этиб борилмоқда.
Шунингдек, алоҳида эслатиб ўтмоқчимизки янги таҳрирдаги “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддасига асосан (жорий йил
4-октябрдан кучга киради), кичик ва ўрта бизнес субъектларига нисбатан маъмурий юкни қисқартириш мақсадида корхоналарни қўшиб олиш ёки қўшиб юборишга розилик олиш талаб қилинадиган битимлар бўйича корхоналарнинг активлари қийматига талаб 5 бараварга оширилиб, эндиликда активларининг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз минг баравари миқдорида белгиланмоқда. Бу шуни англатадики, активлар қиймати 165 млрд (амалда 33 млрд) сўмдан кам бўлганда корхоналарни қўшиб олиш ёки қўшиб юборишда розилик олиш талаб этилмаслиги бўйича янги тартиблар белгиланган.