2022 йил давомида Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармаларига хўжалик юиртувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимларга монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш юзасидан жами 125 та мурожаат келиб тушган. Шундан, 28 та мурожаат хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олишга розилик олиш тўғрисида бўлса, 97 таси хўжалик юритувчи субъектларнинг устав фондидаги акцияларни (улушларни) олишга олдиндан розилик олиш билан боғлиқ мурожаатлар.
Ушбу мурожаатларнинг 92 таси бўйича Қўмита махсус комиссиясининг битимларга розилик бериш тўғрисидаги қарори чиқарилган, 30 таси бўйича монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги талаб этилмаслиги тўғрисида тегишли жавоб хатлари берилган, шу билан бирга 3 та холатда кўриб чиқиш тўхтатилган.
Келиб тушган барча мурожаатлар чуқур таҳлил қилиниб, Қўмита томонидан жами 4 975 млрд. сўмлик битимларга олдиндан розилик берилди, шундан 35 фоизи, яъни 1739 млрд. сўмлик (157,3 млн. АҚШ долл.) битимлар хорижий инвесторлар ҳиссасига тўғри келади.
Хорижий инвесторлар томонидан асосан молия бозори, тўқимачилик, электротехника, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва шу каби соҳаларга тўғридан-тўғри маблағлар ва замонавий технологиялар кўринишида инвестициялар киритилиши кўзда тутилган.
Мисол тариқасида олиб кўрадиган бўлсак, ҳисобот даврида қуйидаги бир нечта йирик битимларни тузишга монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги берилди:
- OOO “ТЕЛЕКОМИНВЕСТ” (Россия) ва “FINANCE TCI” МЧЖ XK шахслар гуруҳи сифатида “KAPITALBANK” ATБнинг устав фондидан 61,54 фоиз улуш олишига.
- “ASIA ALLIANCE GROUP” МЧЖ ва “GOR INVESTMENT LIMITED” компанияси шахслар гуруҳи сифатида “ASIA ALLIANCE BANK” АТБнинг устав фондидан 77,2 фоиз улуш олишига.
- “EASTEX SYSTEMS PTE. LTD” компанияси (Singapur) томонидан “UZTEX GROUP” МЧЖ ҚКнинг устав фондидан 83 фоиз улуш олишига.
- “АКВАЛАЙФ РЕСУРС” АЖ (Россия) томонидан “AQUA PRODUCTS” МЧЖ ҚКнинг устав фондидан 51 фоиз улуш олишига.
- “КЭПИТАЛ ГРУПП” АЖ (Россия) томонидан “AQUA PRODUCTS” МЧЖ ҚКнинг устав фондидан 100 фоиз улуш олишига.
Ҳисобот даврида 11 та ҳолатда монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олмасдан хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш ҳамда акцияларни (улушларни) олиш юзасидан битимлар тузилганлиги аниқланди ва улар бўйича белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, келгусида рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилишига йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 июлдаги ПФ-6019-сон Фармонининг 2-банди “г” кичик бандига мувофиқ давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этишга монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш юзасидан жами 38 та мурожаат келиб тушди. Шундан:
– 18 та ҳолатда товар бозори ривожланмаганлиги сабабли давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларни ташкил этишга розилик берилди;
– 3 та ҳолатда товар бозорда (таълим ҳамда синов лаборатория хизматлари соҳасида) бешта ва ундан ортиқ хусусий тадбиркорлик субъектлар мавжудлиги сабабли давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишга розилик беришни рад этиш тўғрисида махсус комиссия қарори қабул қилинган.
– 13 та ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига мувофиқ ёки мудофаа қобилияти ва миллий хавфсизлик мақсадлари билан боғлиқ бўлган давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектлар ташкил этилаётганлиги сабабли монополияга қарши органнинг олдиндан розилиги талаб этилмаслиги тўғрисида тегишли жавоб хатлари берилган.
Бундан ташқари, 4 та ҳолатда монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олмасдан давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектлар ташкил этилганлиги аниқланди ва улар бўйича белгиланган тартибда иш қўзғатилиб тегишли чоралар кўрилди.
Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестирига киритилган корхоналар ёки шахслар гуруҳи томонидан ишлаб чиқариладиган товарларни етказиб беришда ва хизматларни кўрсатишда тўғридан-тўғри имзоланган шартномаларнинг рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ расмийлаштирилиши юзасидан танланма равишда 146 та хўжалик юритувчи субъектларнинг 1 460 та тўғридан-тўғри имзолаган шартномалари ўрганилди.
Ўрганишлар жараёнида 14 та монопол корхона томонидан 81 та ҳолатда тўғридан-тўғри шартномалар тузишда Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 10-моддаси талабларига риоя қилмаганлиги аниқланди ва белгиланган тартибда иш қўзғатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 февралдаги “Давлат муассасаларини ислоҳ қилишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-123-сон Қарорига мувофиқ Қўмита ва унинг ҳудудий органлари томонидан Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда ҳудудлар кесимида 26 804 та давлат муассасаларининг ташкилий ҳуқуқий шаклларини ўзгартириш ва кейинги фаолияти бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида таҳлил ишлари ўтказилди.
Таҳлил натижаларига кўра, Давлат тендер комиссиясига киритиш учун Давлат активларини бошқариш агентлигига қуйидаги йўналишларда таклифлар тақдим этилди:
– 25 490 та ҳолада соҳанинг ижтимоий ахамиятидан келиб чиқиб сақлаб қолишга;
– 406 та ҳолатда давлат муассасасини хусусийлаштиришга;
– 759 та ҳолатда давлат муассасаларини тугатишга;
– 149 та ҳолатда давлат муассасаларини мулкчилик шаклини ўзгартиришга.