Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 ноябрдаги 02/54-195-сонли топшириғига биноан Халқаро валюта жамҳармасининг (кейинги ўринларда – ХВЖ деб аталади) Ўзбекистон бўйича миссияси раҳбари Рон ван Руден бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 6 декабрь санасида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг (кейинги ўринларда – Қўмита деб аталади) биносида юқори даражада кутиб олинди.
Учрашувда ХВЖ томонидан Рон ван Роден – ХВЖнинг Ўзбекистон бўйича миссияси раҳбари, Лоренс Двайт – Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўлими катта иқтисодчиси, Эзекуэль Кабезон – Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўлимида иқтисодчи ҳамда Моаяд Ал Расаси – Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўлимида иқтисодчи меҳмон сифатида иштирок этишди.
Ўз навбатида, Қўмита раиси Шарахметов Шахрух Шатургунович, Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Каримов Бобир Хасанович ҳамда бошқарма бошлиғи ўринбосари Юсупжанов Баҳодир Бахтиёр ўғли учрашувга мезбонлик қилишди.
Ушбу учрашувда сўнги йилларда Ўзбекистон Республикасининг товар ва молия бозорларида рақобат муҳитини янада яхшилашга, тадбиркорлик субъектлари учун юқори даражали рақобатбардош майдон яратишга ва иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришга қаратилган кенг кўламли
чора-тадбирлар ҳамда ислоҳотлар муҳокама этилди.
Хусусан, учрашув иштиркочилари томонидан енгил автомобиллар ишлаб чиқариш каби бир қатор соҳаларда монополияни қисқартириш ҳамда рақобатни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, шу жумладан, хўжалик юритувчи субъектларга тақдим этилган имтиёз ва преференцияларни бекор қилиш ҳамда биржа савдоларида картель келишувларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш натижасида мақбул нархлардаги юқори сифатли маҳсулотларни истъмолчиларга етказиб бериш юзасидан амалга оширилган тадбирлар муҳокама этилди.
Шундан сўнг, Қўмита раиси Ш. Шарахметов келгусидаги истиқболли режалари ҳамда Қўмита томонидан 2022-2026 йилларда хусусий секторни кенг жалб қилиш ҳамда эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш орқали мавжуд монополияларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилганлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
Хусусан, Қўмита вакиллари томонидан юқорида келтирилган
чора-тадбирлар режаси транспорт, саноат, алоқа, коммунал соҳа, молиявий хизматлар, шу жумладан валюта айирбошлаш ва бошқаларни ўз ичига олган давлат иштирокини камайтириш, алоҳида эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш, хусусийлаштириш ва давлат хусусий шериклик механизмларини қўллаш орқали рақобат муҳитига ижобий таъсир этиш кўзда тутилганлиги маълум қилинди.
Шунингдек Қўмита режаларида Ўзбекистондаги тартибга солиш зарур бўлган иккита йўналиш, яъни савдоларни тартибга солиш ҳамда товар ва хом-ашъё биржаси фаолияти соҳалари белгиланганлиги маълум қилинди. Товар хом-ашъё биржаларида деривативларини имплементация қилиш, мазкур деривативларни мониторинг қилиб бориш юзасидан тегишли чоралар кўрилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар яқин ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олишди.