Рақобат қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида жойлаштирилган материалларнинг “Реклама тўғрисида”ги Қонун талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ва таҳлил ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, туроператорлар томонидан “Умра” тадбирини ташкил этиш ва ўтказишга оид берилган рекламалар ўрганилди.
Натижада, Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан жами 2 та, яъни «PANORAMA TRAVEL» ва «SHAFFOF KICHIKSOY» МЧЖларнинг туроператорларига нисбатан лицензия ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ҳолда рекламалар жойлаштиргани ва бу билан “Реклама тўғрисида”ги Қонун талабларини бузгани юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, якунлари бўйича молиявий жарималар қўлланилди.
Шунингдек, Қўмитанинг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан жами 3 та («Umra Ihlos Sardor domla», «YUKSAK AHSAN travel» va «Express Parvoz Milliy sayyohlik Operatori») телеграм каналлари маъмурлари томонидан берилган рекламаларда ҳам юқоридаги каби қонунчилик талаблари бузилиши юзасидан мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилди.
Ушбу ўрганиш якунлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилиши таъминланади.








