Тадқиқотларга кўра, соддадиллик ва ишонувчанлик – фирибгарликка йўл очувчи омиллардан бири ҳисобланади.
Айниқса, ахборот технологиялари ва турли сотув усуллари жадал ривожланган бугунги шароитда истеъмолчилар турли алдов схемаларига тез- тез учраб, моддий ва маънавий зарар кўриш ҳолатлари кўпаймоқда.
Бу ҳолатларга кўплаб мисолларни келтириш мумкин бўлиб, шулардан бири ҳақида истеъмолчиларни Рақобат қўмитаси огоҳликка чақиради.
Истеъмолчилардан қўмитага келиб тушаётган мурожаатлар ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилаётган ахборотларга кўра, “савдо-дилерлик корхонасиданмиз”, дея ўзини таништирган шахслар томонидан фуқароларга қўнғироқ қилиб, “Сизни табриклаймиз, маҳсулотимиз учун катта миқдорда чегирма ва бонусга эга бўлдингиз, агар бир кун ичида маҳсулотни олиб кетмасангиз, чегирмадан махрум бўласиз” каби сўзлар билан одамларни жалб қилаётганлиги ва маҳсулот хусусиятлари ҳақида бўрттириб таърифлаш орқали уларни сотишга эришаётганлиги, охир оқибат эса бу маҳсулот айтилганидек ижобий таъсирли эмас ёки сифатсиз ва албатта, қимматга сотилган бўлиб чиқмоқда.
Бундай “жозибали” усуллар аҳолига турли презентациялар ва тарғибот тадбирлари орқали тақдим этиляпти. Асосий ҳийла харид ёки хизматдан фойдаланиш учун истеъмолчиларга “янги харидорлар олиб келиш” талаби қўйилаётганидир.
Мисол учун, Қўмитага келиб тушган аниқ бир ҳолатга кўра, юқоридаги каби усулларда фуқарога массаж курсиси (накидка вибромассажная) харид қилиш бонусга эга бўлганлиги билдирилиб, агар ушбу маҳсулотни харид қилса, “бонус” тариқасида ҳаво тозалагич ва қўл массажчиси (ручной массажёр) бепул тақдим этилиши айтилган.
Сотувчилар ҳатто фуқаро маҳсулотни бирйўла харид қилиш учун маблағ етарли бўлмаса-да, муддатли тўлов (кредит) асосида ҳам сотиб олиш мумкинлигини маълум қилиб, фуқаронинг идентификация маълумотларини олган ҳолда расмийлаштирилган турли шартномаларга имзо қўйдириб олинади. Шунингдек, маҳсулот ёқмаса 10 кун ичида қайтариб олиб, тўланган пулни тўлиқ миқдорда қайтариб берилиши ишонтирилган.
Бироқ, кейинчалик фуқаро уй шароитида ушбу маҳсулотлардан фойдалана олмаслигини, ўзи (нафақада) ва ногирон турмуш ўртоғидаги бел ва умуртқа поғонасидаги касалликларда ушбу маҳсулотни қўллаш хавфли эканлигини, қолаверса ҳар ойлик кредит тўловини тўлашга моддий имконияти етмаслигини билгандан сўнг маҳсулотни қайтариб беришга мажбур бўлади. Аммо, “фирма” томонидан маҳсулотлар тўлиқ қайтариб олинмайди. Чунки, фуқарода шартнома нусхаси мавжуд эмаслиги, фирманинг реквизитлари ҳақида аниқ маълумот йўқ маълум бўлди.
Шу муносабат билан, ҳурматли истеъмолчиларга қуйидаги маълумотларни эслатиб ўтади:
🔘ҳар қандай маҳсулот сотиб олишда ёки бирор хизматдан фойдаланишда сотувчи ва маҳсулот (иш, хизмат) тўғрисида батафсил маълумот мавжудлигини ҳамда уларнинг ишончлилигини текширинг;
🔘таклиф этилаётган маҳсулот (хизмат) ҳақиқатдан сизга зарурлигига ва уни сотиб олиш молиявий ҳолатингизга таъсир қилмаслигига эътибор қаратинг;
🔘даволовчи воситаларни сотиб олиш ва истеъмол қилишдан аввал албатта шифокор ва мутахассис билан маслаҳатлашинг;
🔘шахсга доир маълумотларни, шу жумладан паспорт, ID-карта, пластик карта маълумотларини, шахсий электрон рақамли имзо, телефон рақам ва унга келган СМС кодни ҳеч кимга, ҳатто яқинларингизга ҳам берманг;
🔘ҳар қандай шартномаларни имзоламанг ва шубҳали битимларга қўшилманг;
🔘мобил телефонингизга келган шубҳали ва ишончсиз ҳаволага кирманг;
🔘турли усулдаги алдов, фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилувчи ҳаракатлардан эҳтиёт бўлинг.








