Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ўзига юклатилган функция ва вазифалардан келиб чиқиб, биржа савдолари орқали сотилиши белгиланган 49 турдаги юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар реализацияси ҳолатини назорат қилиб келмоқда.
Бугунги кунда биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни реализация қилувчи жами 4 мингдан ортиқ корхона (сотувчилар) мавжуд бўлиб, шундан 90 таси (3 фоиз) монополист ва давлат улушига эга корхоналар бўлса, қолган 4 054 таси (97 фоиз) давлат улушига эга бўлмаган бошқа корхоналар ҳисобланади.
Рақобат қўмитаси томонидан 2024 йилнинг 1-ярим йиллигида биржа савдоларига оид қонунчилик талаблари бузилганлиги бўйича 76 та хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан иш қўзғатилган бўлиб, шулардан 32 та ҳолатда нархлар сунъий оширилиши билан боғлиқ манипуляция ҳаракатлари аниқланган.
Қонунбузилиш ҳолатлари асосан техник чигит, пахта толаси, шрот, шелуха, хўжалик совуни, ўсимлик ёғи, буғдой уни, омухта ем, минерал ўғитлар, кўмир ва шу каби юқори ликвидли ҳамда монопол турдаги маҳсулотларни реализация қилиш жараёнида кузатилган.
Хусусан, Қўмитанинг Самарқанд ҳудудий бошқармаси махсус комиссияси томонидан “Samarqand Kamalak Invest Tekstil” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, пахта техник чигити, пахта ёғи, пахта шроти маҳсулотлари биржа савдолари орқали сотилмасдан тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилганлиги натижасида содир этилган манипуляция ҳаракатларини бартараф этиш бўйича тегишли қарор ва кўрсатма берилган.
Шунингдек, 23та хўжалик юритувчи субъектга “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 42-моддасига асосан молиявий жарималар қўлланилган.
Қўмита томонидан биржа савдоларини тартибга солиш мақсадида доимий равишда 10 турдаги ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар буғдой ва ун, қолипли нон, мол гўшти, парранда гўшти, тухум, пахта ёғи, кунгабоқар ёғи, гуруч, шакар, қадоқланган сут нархлари доимий мониторинг қилиб борилмоқда.
Жумладан, ички бозорда ўсимлик ёғининг 39 фоизи, ун маҳсулотининг 14 фоизи, мол гўштининг 26 фоизи, парранда гўштининг 24 фоизи ва картошканинг 23 фоизи импорт асосида қопланади.
Ўтказилган таҳлилларга кўра, бугунги кун ҳолатини ўтган йилнинг мос даврига нисбатан таққослаганда:
– суякли мол гўшти 14 фоизга, қўй гўшти 13 фоизга, қолипли нон 7 фоизга, парранда гўшти 4 фоизга, гуруч 12 фоизга нархлари ошган;
– шакар 4 фоизга, пахта ёғи 10 фоизга, кунгабоқар ёғи 15 фоизга, тухум 4 фоизга нархи пасайган;
– ун ва картошка маҳсулоти нархлари эса ўзгаришсиз қолганлиги маълум бўлди.
Қўмита биржа савдоларида рақобатни чекловчи ҳаракатлар содир этилганлик ҳолатларини доимий мониторинг қилиб бориш ҳамда аниқланган қонунбузилишларни барвақт бартараф этиш бўйича ишларни давом эттирмоқда.