Ижтимоий тармоқ орқали “Қўқон шаҳар «Ишонч» магазин Қўқон бўлимига «AVALON» 12 талик кондиционерда 5 млн 797минг 510 сўмлик товар нархи кўрсатилган, аммо сотилаётганда устама фоизи қўйиб сотишар экан, ҳаттоки нақд пулга ҳам…” мавзуида мурожаат қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита мазкур ҳолат юзасидан “IShONCh” дўконлар тармоғининг Қўқон филиалига қилган сўров хатига жавобан дўконда товарларга акция муддати даврида “AVALON” кондиционерини кўрсатилган нархда нақд пулга ҳам харид қилишлари мумкинлиги билдирилган.
Шунингдек, телеграм ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги манбаларда мазкур кондиционер нархи ва муддатли тўловга ойига неча пулдан тўғри келиши очиқ кўрсатилгани ҳам хатда маълум қилинган.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида истеъмолчи шартнома тузиш йўли билан товарни (иш хизмат)ни эркин сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу шартномага кўра сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига олишлари белгилаб берилган.
Нархнома билан қўйилган товарлар ҳамда товар (иш, хизматлар) ҳақида келувчилар эътиборига ҳавола этиладиган маълумот тегишли шартномани тузиш учун таклиф деб ҳисобланади.
Қўмита ўрганиш натижасида фуқаро “IShONCh” дўконлар тармоғининг Қўқон филиалига мурожаат қилиб, товарни нархномада кўрсатилган нархда харид қилиши мумкинлигини билдиради.