Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига газ, электр энергияси ва бошқа коммунал соҳалар тизимидаги муаммолар юзасидан ҳам кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Бундай мурожаатлардан бири Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига Бекобод шаҳрида фаолият юритаётган “METALLURG” шаҳар шифохонаси УКдан келиб тушган. Унда, мазкур унитар корхонага фойдаланилган газ учун 265 млн 831 минг сўмдан ортиқ асоссиз қарздорлик белгиланганлиги, бу ҳолат ўз-ўзини молиялаштириш асосида фаолият олиб бораётган мазкур шифохонага салбий таъсир кўрсатаётганлиги билдирилган. Корхона томонидан истеъмол қилинган газ учун ўз ҳисоб-китоби қайта кўриб чиқилганида қарздорлик 34 млн сўмни ташкил этган.
Ушбу мурожаат юзасидан ҳудудий бошқарма томонидан ўрганишлар олиб борилганида, “BEKOBODSHAHARGAZ” таъминоти бўлими билан “METALLURG” шаҳар шифохонаси УК ўртасида табиий газни улгуржи истеъмолчиларга етказиб бериш ва қабул қилиш бўйича шартнома имзолангани ҳамда унга кўра, унитар корхона фойдаланган ҳар 1 куб метр газ учун 660,0 сўмдан тўловларни амалга ошириб келгани маълум бўлди. Аммо “HUDUDGAZ TOSHKENT” газ таъминоти филиалининг ҳисоб фактурасида 660 сўм ўрнига 1300 сўмдан нотўғри қарздорлик ҳисобланганлиги натижасида ушбу шифохонага 265 млн 831 минг сўмдан ортиқ асоссиз қарздорлик келиб чиққани аниқланди.
Ўрганишлар давомида Ўзбекистон Республикасининг “Табиий монополиялар тўғрисида”ги Қонуни талаблари “HUDUDGAZTA’MINOT” АЖ томонидан бузилгани аниқланди ва Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан мазкур таъминотчи корхонага нисбатан иш қўзғатилди.
Шунингдек, Ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан “HUDUDGAZTA’MINOT” АЖга “METALLURG” шаҳар шифохонаси УКга нисбатан асоссиз ортиқча ҳисобланган 265 млн 831 минг сўм миқдоридаги маблағни қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида Қўмитанинг кўрсатмаси ижроси таъминланиб, “METALLURG” шаҳар шифохонасига нисбатан ҳисобланган асоссиз қарздорлик олиб ташланди ва тиббиёт муассасаси ҳуқуқлари ҳимоя қилинди.