“TBC BANK GROUP PLC ” КОМПАНИЯСИ ТОМОНИДАН “BILLZ” ПЛАТФОРМАСИНИ СОТИБ ОЛИШ БЎЙИЧА ИҚТИСОДИЙ КОНЦЕНТРАЦИЯ БИТИМИГА РОЗИЛИК БЕРИШ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ
Рақобат қўмитаси томонидан Буюк Британияда рўйхатдан ўтган ва ўз навбатида «TBC Bank» ҳамда Payme компанияларига эгалик қилувчи «TBC Bank Group PLC» компанияси томонидан «Billz» платформасига эгалик қилувчи Shoppe Group МЧЖ хорижий корхонасининг 46,67 фоиз улушларини сотиб олиш бўйича аризаси кўриб чиқилди.
🔘“TBC Bank Group PLC” компанияси – ҳолдинг компаниялари фаолияти билан шуғулланувчи ташкилот;
🔘“Shoppe Group” МЧЖ ХК “Billz” савдо белгиси остида булутли технологиялар асосида савдо ва товарлар ҳисобини юритиш, бошқариш, электрон тижорат воситалари ёрдамида онлайн хизматлар кўрсатиш бўйича рақамли платформа оператори ҳисобланади.
Таъкидлаш лозимки, “TBC Bank Group PLC” компаниясига билвосита “TBC bank” АТБ ва онлайн тўлов тизимлари хизматини кўрсатувчи “Payme” АЖ рақамли платформасига эгалик қилади.
Қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, мазкур битимга олдиндан розилик бериш ҳақида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, мазкур битим юзасидан рақобатни таъминлашга қаратилган қуйидаги талаблар қўйилди:
➡️ “Billz” платформасининг ҳозирги ва келгусидаги фойдаланувчилари, жумладан бир вақтнинг ўзида “TBC Bank” АТБ ва “Payme” АЖ билан рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектлар учун хизматдан фойдаланиш шартларига бир томонлама ва асосланмаган тарзда тарзда таъсир кўрсатишга йўл қўймаслик;
➡️ шунингдек, “Billz” платформаси орқали тўпланувчи ёки қайта ишланувчи маълумотлардан фойдаланишда “TBC Bank” АТБ ва “Payme” АЖ билан рақобатда бўлган тижорат ташкилотларининг мижозларига оид ҳамда истеъмолчиларнинг шахсий ёки тижорат маълумотларини рақобатни чеклаш ёки “TBC Bank” АТБ ва “Payme” АЖнинг бозордаги мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида ҳар қандай шаклда фойдаланмаслик ёки ошкор қилмаслик чораларини таъминлаш;
➡️ “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 майдаги 256-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 19-бандида назарда тутилган ҳаракатларни ҳар қандай шаклда амалга оширмаслик ва ушбу қонун ҳамда қарор талабларига тўлиқ риоя этиш.
Эслатма: битим иштирокчилари томонидан мазкур талабларга риоя этилиши мажбурий ҳисобланади.