Рақобат қўмитаси ҳузуридаги «Рақамли трансформация ва аутсорсинг маркази» ДУК томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган, Андижон, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Навоий ва Самарқанд вилоятларида ўқув семинарлари ташкил этилди.
Ҳудудларда бўлиб ўтган тадбирларда ҳокимликлар ва соҳага алоқадор ташкилот ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун “Ташқи реклама” рақамли мониторинг электрон тизими имкониятлари,улардан тўлақонли фойдаланиш ҳамда реклама конструкцияларини қонунийлаштириш бўйича тегишли тавсиялар ва кўрсатмалар берилди.
Мисол учун Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган ўқув семинарида мазкур марказнинг мутасадди идора вакиллари билан ҳамкорликда олиб борган ўрганиш ва таҳлил натижалари ҳақида маълумот берилди.
Хусусан, ташқи реклама объектлари учун расмийлаштирилган жами 119 та реклама жойининг паспортлари хатолик билан яъни 74 та ҳолатда реклама жойининг манзили ва конструкция ўрнатилган жой, 31та ҳолатда конструкция тури ҳамда 14 та ҳолатда ўлчами ва технологиялари нотўғри берилганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 600 га яқин янги ўрнатиладиган ташқи реклама объектларининг очиқ электрон аукцион савдоларига чиқариш бўйича белгиланган мақсадли кўрсаткичлари прогнози бўйича ишлар амалга оширилмаган. Хусусан, уларни ўрнатиш чизмаси шакллантирилмаган ва очиқ электрон аукцион савдоларига чиқарилмагани ҳам маълум бўлди.
Юқорида номлари келтирилган ҳудудларда ҳам ташқи реклама ва ахборот объектлари (конструкциялар)нинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан ўтказилган мониторингларда мингдан ортиқ камчиликлар бартараф этилди, кўплаб муаммолар ўз ечимини топди. Яъни ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқини онлайн электрон савдоларга чиқариш, расмийлаштирилган реклама жойи паспортларидаги хатоликларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди ҳамда «Ташқи реклама» рақамли электрон мониторинг тизимидан тўлақонли фойдаланиши учун реклама соҳасида фаолият кўрсатувчиларга қўлланмалар тарқатилди.