Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларни ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан олдинроқ такси агрегаторлари хизматлари бозорида ўрганишлар ўтказилаётгани ва унинг натижалари эълон қилиниши ҳақида маълумотларимизда ҳам хабар бериб ўтган эдик.
Шу билан бирга, Қўмита томонидан йўловчиларни ташиш (такси) учун буюртмаларни жойлаштириш ва такси хизматларини кўрсатишга имкон берувчи воситачилик (агрегатор) хизматлари бозоридаги рақобат муҳити ва тегишли бозор иштирокчилари хўжалик юритувчи субъектларнинг устун мавқеи (бозор улушлари)ни аниқлаш ишлари жорий йилнинг иккинчи чорагида (яъни 2022 йил натижалари бўйича барча якуний ҳисоботлар шакллангандан сўнг) бошланган бўлиб, ушбу бозорнинг ўзига хос хусусиятлари ва республиканинг ҳар бир ҳудудида ушбу бозорнинг ривожланиши турли даражада эканлиги ва алоҳида жиҳатлари мавжудлигини ҳамда жорий йилда янги “Рақобат тўғрисида»ги Қонун кучга кирганлиги ва унда устун мавқени аниқлаш мезонларининг ўзгарганлиги таҳлилни боришига маълум даражада таъсир қилганлигини эътироф этиш зарур.
Ўрганиш давомида йўловчиларни ташиш (такси) учун буюртмаларни жойлаштириш ва такси хизматларини кўрсатишга имкон берувчи воситачилик (агрегатор) хизматлари бозорига веб-сайт ёки мобил илова ёрдамида буюртма бериш ва ҳайдовчини топиш имконини берувчи агрегатор хизматлари ва унинг ўрнини маълум даража босувчи телефон орқали деспетчерлик хизматлари бозори ҳам қамраб олинди.
Таҳлил жараёнида республика бўйича жами 66 та фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъект (корхона)дан, шундан 58 таси диспетчерлик хизмати ва 8 таси мобил илова орқали агрегатор хизматини кўрсатаётганлиги маълум бўлди.
Таҳлиллар натижасига кўра, бозор улушлари ва кўрсатилган хизматлари юзасидан фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар ичида энг катта бозор улуши яъни 86,3 фоизи “Yandex Go” платформаси ҳиссасига тўғри келиши аниқланди.
Шунингдек, бозорнинг концентрацияси юзасидан мазкур хизмат бозорида саноқли иштирокчилар жами хизматнинг асосий қисмини кўрсатаётганини ва бу бозордаги ҳолат, жумладан хизмат нархи ва сифатига бир томонлама таъсир кўрсатиш хавфи мавжудлиги ҳам таҳлил жараёнида аниқланган.
Ўзбекистон Республикасидаги “Yandex Go” иловаси орқали кўрсатилган такси хизматларининг 2022 йилдаги молиявий натижалари юзасидан расмий статистик маълумотлар Ridetech International B.V. компанияси (Нидерландияда рўйхатдан ўтган) томонидан тақдим этилган. Жорий йил 1 декабрдан бошлаб “Yandex Go” платформасининг агрегаторлик хизматлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида солиқ резиденти –“YandexGo UB” МЧЖ юридик шахс томонидан тақдим этилиши эълон қилинди. Ridetech International B.V. компанияси “YandexGo UB” МЧЖ билан ягона (умумий) иқтисодий манфаатга эга бўлган шахслар ҳисобланиб, шахслар гуруҳи сифатида, бозорнинг ягона субъекти сифатида қаралади.
Юқоридагиларга мувофиқ, жорий йил 4 декабрь куни Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддасига асосан “YandexGo UB” МЧЖ йўловчиларни ташиш (такси) учун буюртмаларни жойлаштириш ва такси хизматларини кўрсатишга имкон берувчи воситачилик (агрегатор) хизматлари бозорида устун мавқега эга хўжалик юритувчи субъект деб эътироф этилди.
Қўмита ушбу бозорда барча иштирокчилари томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг рақобатга қарши келишувларни ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни, инсофсиз рақобат, иқтисодий концентрация, устун мавқеини ва устун музокара кучини суиистеъмол қилиш каби ҳаракатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан тизимли равишда мониторинг олиб боради.