Тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинди
Рақобат қўмитасига Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Ғузор ва Қамаши туманларида давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритувчи санитар корхоналар томонидан маиший чиқиндиларни жойлаштириш ва утилизация қилиш хизматлари бўйича белгиланган тарифлардан норозилик билдирилган мурожаатлар келиб тушди.
Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида “Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси” Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан тарифларни шакллантиришда белгиланган талаб ва қоидаларга тўлиқ риоя этилмагани аниқланди.
Натижада, ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан мазкур муассасага 19 та юридик шахс фойдасига 757 млн сўм миқдорида асоссиз даромадни қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича кўрсатма берилди.
Қўмита тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бозорларда адолатли рақобат муҳитини таъминлаш йўлида тизимли ишларини давом эттирмоқда.








