Ижтимоий тармоқ орқали “Корзинка” супермаркети сотилаётган ESSI бренди остида йогурт маҳсулотининг ишлаб чиқариш муддати нотўғри кўрсатилгани, яъни икки кун кейинги сана билан савдога чиқарилганлигидан норозилик билдириб мурожаат қолдирган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Қўмита “Milkolino Products” МЧЖ (ESSI бренди) билан ҳамкорликда мазкур ҳолатга тегишли ҳужжатлар ва видеокамера ёзувларини кўриб ўрганиб чиқди. Унга кўра, сут ва сут маҳсулотларининг ишлаб чиқариб, қадоқланган санаси бўйича кетма-кетликда савдога чиқариш бўйича мавжуд тартиб-қоидани бузган ходим аниқланган. Видео ёзувларда ушбу ходимнинг айби билан корхона омборидан йогурт маҳсулотининг ишлаб чиқарилган санасига масъулиятсизлик билан қараб савдо шохобчасига жўнатилган.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасида қуйидаги қоидалар берилган:
Ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Бунда мазкур маълумот товарларнинг этикеткаларида, тамғаларида, техник ҳужжатида ёки товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) айрим турлари учун қабул қилинган бошқа усулда истеъмолчиларга етказилиши мумкин.
Компания томонидан хатоликка йўл қўйган ходим вазифасидан озод этилган. Шунингдек, савдо ходимларига маҳсулотларни савдога чиқариш қоидалари ҳақида тушунтирилди ҳамда улар учун қўшимча малака ошириш дарслари ташкил этилди.
Шунингдек, “Milkolino Products” МЧЖ мазкур ҳолат учун харидорлардан узр сўраган ҳолда сут маҳсулотларини савдога чиқаришни қатъий назоратга олганини билдириб ўтди.
Компания ушбу муаммога янада аниқлик киритиш ва ортиқча олинган маблағни қайтариш мақсадида фуқародан мурожаат қолдирилган ижтимоий тармоқ орқали боғланишини сўраб қолади.