Сурхондарё вилоятида рақобатни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди
Рақобат қўмитаси, Вилоят ҳокимлиги билан 2026 йилда Сурхондарё вилоятида рақобатни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Режага мувофиқ, вилоятда камида 10 та импортга юқори боғлиқ бозорлар таҳлил қилиниб, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича янги лойиҳалар учун таклифлар ишлаб чиқилади. Шунингдек, шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг рақобатга таъсири ўрганилади.
Тадбиркорларни инфратузилма тармоқларига улашда юзага келаётган муаммолар таҳлил қилиниб, электр, газ ва сув таъминоти ташкилотлари билан ҳамкорликда уларни бартараф этиш чоралари кўрилади. Давлат харидлари соҳасида эса 3 000 га яқин харид жараёни қонунчиликка мувофиқлиги бўйича ўрганилади.
Шу билан бирга, вилоят ҳокимлиги ҳузурида “Рекламани назорат қилиш шуъбаси” ташкил этилади, бу орқали вилоятда ташқи реклама объектларини хатловдан ўтказиш ва қонуний тартибга солиш ишлари амалга оширилади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида назорат харидлари амалга оширилади, шунингдек ҳар чоракда камида 9 турдаги 30 та ишлаб чиқарувчи маҳсулотлари бўйича текширувлар ўтказилади. Шу билан бирга, 10 турдаги ижтимоий муҳим маҳсулотлар импорти бозори таҳлил қилиниб, нархларни шаклланиши занжири ўрганилади ва уларни пасайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Шу билан бирга, режа доирасида давлат иштирокидаги 100 дан ортиқ корхона фаолияти таҳлил қилиниб, давлат улушини қисқартириш бўйича таклифлар тайёрланади. Устун мавқеига корхоналар билан истеъмолчилар ўртасида тузиладиган шартномалар ўрганилиб, тадбиркорлар ҳуқуқларини чекловчи ҳолатларни бартараф этиш чоралари кўрилади.








