Рақобат қўмитаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси Транспорт назорати инспекцияси билан ҳамкорликда фуқаронинг мурожаати асосида “Termiztransportxizmat” МЧЖ фаолиятини ўрганиб чиқди.
Ўрганишлар давомида Термиз шаҳри ҳудудида шаҳар йўловчилар транспорти (автобус)ларда ҳар бир йўловчидан йўлкира учун минг сўмдан ортиқча ҳақ олинаётгани маълум бўлди.
Жумладан, тегишли тартибда тасдиқланган Термиз шаҳри ҳудудида шаҳар йўловчилар транспорти (автобус)ларда бир йўловчи учун тасдиқланган 2 000 сўм ўрнига “Termiztransportxizmat” МЧЖ томонидан 3 000 сўмдан йўлкира ҳақи олинган.
Олиб борилган ҳисоб-китоблар натижасида, мазкур жамият томонидан жорий йилнинг 1 майидан 19 майигача бўлган даврда 364 560 нафардан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатилиб, улардан йўл ҳақи ортиқча олиниши натижасида жами 364 млн 560 минг сўм даромад олинган.
Юқоридагиларга кўра ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “Termiztransportxizmat” МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, ортиқча олинган маблағни қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича кўрсатма берилди.