Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармаларига фуқаролардан суғурта компанияси томонидан кўрсатилаётган хизматлардан норозилик билдирилган кўплаб эътирозли мурожаатлар келиб тушмоқда.
Бухоро вилояти
Рақобат қўмитасининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси фуқаро Ш.Фнинг мурожаатини ўрганиб чиқди. Унда фуқаро автомашинаси автоҳалокатга учрагани, барча керакли ҳужжатларни тўплаб, ўзи билан шартнома тузган “A.И” суғурта компаниясига бир неча бор мурожаат қилгани, аммо суғурта компанияси ўз мажбуриятларини бажармаётганлигини билдирган.
Мазкур мурожаат юзасидан ўрганишлар ўтказилганда компания Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 8 ва 19-моддаларига зид ҳолатда иш юритиб, қонунбузилишга йўл қўйгани аниқланди.
Ўрганишлар натижасида “A.И” суғурта компанияси томонидан содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси жамият томонидан суғурта ҳодисаси деб тан олинган ва 60 млн 672 минг сўм миқдорда суғурта товони ундириб берилиши таъминланган.
Қашқадарё вилояти
Рақобат қўмитасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасига Косон туманида истиқомат қилувчи фуқаро С.А. «Evro Aziya” суғурта компаниясидан норози бўлиб мурожаат йўллаган.
Фуқаро банк орқали кредитга автомашина харид қилган, банкда кредит олиш жараёнида маблағлар «Evro Aziya» суғурта компанияси томонидан суғурта қилинган. Шартномага асосан муддатидан аввал тўланган кредит миқдорига асосан суғурта компанияси мурожаатчига 660 000 сўм маблағни қайтариши лозим бўлган, аммо бир неча бор мурожаат қилинишига қарамасдан, белгиланган маблағ истеъмолчига қайтарилмаган.
Ҳудудий бошқарма мутахассислари томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида фуқаро С.А. га «Evro Aziya» суғурта компаниясидан 660 000 сўм маблағ тўлов қайтариб берилди.
Навоий вилояти
Навоий вилоятида истиқомат қилувчи фуқаролар О.Й. ва А.С.лар автокредит тўловларини суғурталаш учун “EUROASIA INSURANCE” АЖ ҚК билан шартнома тузади. Истеъмолчилар кредит тўловларини муддатидан олдин тўлаб бўлганлиги боис суғурта компаниясига суғурта тўловини фойдаланилмаган қисмини қайтариш борасида бир неча бор мурожаат қиладилар, бироқ компания томонидан рад жавоби олинади.
Рақобат қўмитасининг Навоий вилояти ҳудудий бошқармасига келиб тушган мазкур мурожаатлар ўрганиб чиқилганда, ҳақиқатан ҳам мурожаатчиларнинг эътирози ҳақли эканлиги маълум бўлди.
Ўрганиш натижаларига кўра, О.Й.га 1 млн 224 сўм ҳамда А.С.га 975 000 сўм маблағлар “EUROASIA INSURANCE” АЖ ҚК томонидан қайта ҳисоб-китоб қилиниб, фуқароларга қайтариб берилиши таъминланди.
Наманган вилояти
Рақобат қўмитасининг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси енгил автомабилни кредит асосида сотиб олган ва компания томонидан суғурта маблағларини тўлиқ қайтариб ололмаётган фуқаронинг мурожаатини ўрганиб чиқди. Ўрганишларда фуқаро “Асакабанк” АЖ Наманган вилоят филиалидан автомабиль сотиб олиш учун шартнома тузиб, кредит маблағи олган. Кредитни суғурталашга 2 млн 748 минг сўм суғурта мукофоти учун тўловни амалга оширгани ва муддатидан олдин кредит сўндирилгани маълум бўлди. Аммо шунга қарамай, “INSON” МЧЖ суғурта компанияси суғурта тўловларини тўлиқ қайтариб бермаган.
Ўрганишлар натижасида фуқаронинг пластик картасига “INSON” МЧЖ суғурта компанияси томонидан 2 млн 587 минг сўм маблағ ўтказиб берилиши таъминланди.
Маълумот ўрнида. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 24 июндаги “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги 141-сонли қарорига асосан фуқаролар транспорт воситасига эгалик ҳуқуқи вужудга келган кундан эътиборан ўзининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилдириши шартлиги белгиланган.