Кўчалардаги кўплаб пешлавҳаларда аёллар сартарошхонаси, маникюр, педикюр хизматлари рўйхатида косметолог хизмати ҳам бор. Бугунги кунда косметология терини ортиқча ёғлардан тозалаш, пилинг, юз массажи, лазерли эпиляция, ботокс, мезотерапия ва пластик каби хизматларни ўз ичига олган. Бундай муолажалар малакали мутахассислар томонидан олиб борилади.
Ачинарлиси, айрим қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар ўзгалар ҳаётини писанд қилмасдан бундай муолажаларни амалга оширишади, истеъмолчилар эса етарлича маълумотга эга бўлмасдан ушбу хизматлардан фойдаланишади
Табиийки, косметология билан боғлиқ баъзи жарроҳлик амалиёти амбулатория шароитида ҳам амалга оширилиши мумкин. Аммо бунда асосийси тиббий косметология ихтисослигини эгаллаган мутхассис жарроҳликни олиб бориши зарур бўлади, иккинчидан мижознинг ҳолати ҳисобланади. Одатда косметеологик жарроҳликни ўнга яқин қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлари мавжуд. Булардан баъзиларини келтириб ўтиш мумкин: аллергия, онкология, қандли диабет, ўткир респиратор вирусли инфекция, венерик касалликлар, руҳий бузилишлар. Шунингдек, ҳомиладорлик, эмизиш даври ва организмдаги баъзи касалликларда ҳам амалга оширилмайди.
Ачинарлиси, косметология хизматлари шифокор томонидан ўтказиладиган, лицензияланадиган фаолият тури ҳисобланса-да, баъзи хусусий клиникалар томонидан ҳеч қандай ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмаган сертификатлар билан бундай хизматларни кўрсатиш ҳолатлари кундан-кунга кўпайиб бормоқда.
Тиббий косметология ихтисослиги чуқур тайёргарлик
талаб этиладиган соҳа
Олиб борилаётган муолажа ва жарроҳликлар яхши самара бермаётгани, инсонлар ҳаёти ва соғлигига хавф солаётгани ҳақида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига тиббий хизматлардан жабрланган истеъмолчилардан мурожаатлар кўпайиб бормоқда.
Мисол учун, тиббий хизмат кўрсатувчи МЧЖга қарашли клиникага юз муолажаси учун 13 млн сўм пул тўлаган. Кўрсатилган муолажа самарасиз ва тўлиқ ўтказилмаган ҳамда истеъмолчининг саломатлигига салбий таъсир кўрсатган. Рақобат қўмитасига тушган шикоят ўрганилганда муолажа ўтказган ходим малака талаблари бўйича косметолог врач эмаслиги маълум бўлди.
Яна бир ўрганилган мурожаатда ҳам клиника косметологи деб ўзини таништирган ходим аслида врач дермато-косметолог эмаслиги, ўрта тиббий маълумотга эга эканлиги яъни малака талаблари бўйича ушбу амалиётни ўтказишга рухсати йўқлиги маълум бўлди. Бу хизмат кўрсатувчи ходим косметология бўйича ишлар ва хизматлар рўйхатида кўрсатилган дерма ичига филлерлардан фойдаланиш ҳуқуқи фақатгина врач дермато-косметолог томонидан амалга ошириш ҳуқуқи берилганидан хабардор. Бироқ шунга қарамай, мижозга тиббий “хизмат” кўрсатган. Оқибатда мижознинг танасида ҳар-хил доғлар ва шишлар пайдо бўлган,, танасига юборилган суюқлик эса унинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатган.
Рақобат қўмитаси ўрганиш натижаларига кўра, муолажа учун тўланган пул маблағлари жамият томонидан истеъмолчиларга қайтариб берилишига эришилди.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, тиббиёт хизматлар йўналишида 2021 йилда 11 ойда 62 та, 2022 йил 11 ойда 184 та, 2023 йил 11 ойда 214 та мурожаатлар келиб тушган. Бу эса ўз навбатида, аҳолининг ушбу соҳада норозилигини уч йилда 3 баробар ортганини кўрсатади.
Бу рақамлардан кўриниб турибдики, аҳоли хусусий тиббий хизматлардан фойдаланишда ўз ҳуқуқларини билмасликлари, хизмат кўрсатувчидан қандай ахборотларни ва ҳужжатларни талаб қилиши кераклиги ҳақида хабардор этмасликлари, тиббиёт хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлар ўзлари ваколатли бўлмаган фаолият тури билан шуғилланибгина қолмасдан, муолажа ва жарроҳлик амалиётларида давлат рўйхатидан ўтмаган ва сифати кафолатланмаган маҳсулотдан фойдаланишлари ҳамда ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга бўлмасдан туриб тиббий муолажаларни ўтказиш учун сертификатлар тақдим этишлари каби омиллар ортидан истеъмолчиларнинг ҳаёти, соғлиғи, шунингдек, унинг мол-мулкига зарар етказилмоқда.
ҚОНУНГА КЎРА:
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг
1-модддасига мувофиқ, товар (иш, хизмат)нинг нуқсони — товар (иш, хизмат)нинг норматив ҳужжатларнинг мажбурий талабларига, шартнома шартларига ёхуд товар (иш, хизмат)нинг сифатига одатда қўйиладиган талабларга номувофиқлиги;
12-моддасига мувофиқ, истеъмолчи ўзи сотиб олган иш, хизматни амалдаги нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда бажарилган бўлишига ва унинг ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга;
20-моддасига мувофиқ, товар (иш, хизмат)нинг тузилишига, ишлаб чиқарилишига, таркибига боғлиқ бўлган ва бошқа нуқсонлари, шунингдек истеъмолчининг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкининг хавфсизлигини таъмин эта олмайдиган материаллар, ускуналар, асбоб-анжомлар, мосламалар ёки бошқа воситалар қўлланилиши оқибатида истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғи ёки мол-мулкига етказилган зарар сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунининг 24-моддасига мувофиқ, бемор тиббий ёрдам кўрсатиш вақтида соғлиғига зарар етказилган тақдирда кўрилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда қопланиши талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, тиббиёт хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлар ўзлари ваколатли бўлмаган фаолият тури билан шуғулланибгина қолмасдан, муолажа ва жарроҳлик амалиётларида давлат рўйхатидан ўтмаган ва сифати кафолатланмаган маҳсулотдан фойдаланишлари ҳамда ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга бўлмасдан туриб тиббий муолажаларни ўтказиш қатъий маън этилади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил
12 майдаги рўйхатдан ўтказилган Соғлиқни сақлаш буйруғига кўра, тиббий фаолият амалга ошириладиган тиббий ихтисосликлар турлари номенклатурасига мувофиқ тасдиқланган. Унга кўра, асосий мутахассисликлар (магистратура* ва клиник ординатура**) бўйича Тиббий косметология ихтисослиги чуқур тайёргарлик талаб этиладиган соҳа сифатида белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009, 2017, 2022-йиллардаги бир қатор қарорларига асосан тиббий фаолиятни қатъиян лицензияда кўрсатилган доирада амалга ошириши шарт ва тиббий фаолият амалга оширилаётган тиббий ихтисосликлар турлари номенклатураси, тегишли мутахассисликка эга врачлар тиббий ихтисослашувининг лицензияланадиган турлари бўйича врачлар лавозимини эгаллаши мумкин бўлган тиббий мутахассисликлар рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланиши белгиланган.Шунингдек, клиник ординатура — кадрларни қайта тайёрлаш тизимига кирадиган таълим тури бўлиб врачларнинг узлуксиз касбий таълими кўп поғонали тузилмасининг бир қисми ҳисобланади. Врачларни клиник ординатурада ўқитиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган врачлик мутахассисликлари номенклатураси бўйича, мутахассисга қўйиладиган ихтисослик талаблари асосида тузилган ҳар қайси мутахассислик бўйича ўқув режаси ва ўқув дастурига мувофиқ амалга оширилади.Шунингдек, тиббий фаолиятни қатъиян лицензияда кўрсатилган доирада амалга ошириши шартлиги ҳам қарорда белгилаб қўйилган.
Ҳурматли истеъмолчилар, сохта косметологлардан огоҳ бўлинг!
Хизматлардан фойдаланишдан аввал албатта қуйидаги маълумотлар билан танишинг.
Клиниканинг косметология хизматларини кўрсатиш учун давлат органи томонидан берилган лицензияси мавжудлиги;
муолажа ўтказувчи шахснинг шифокорлигини тасдиқловчи дипломини талаб қилиш;
косметология хизматларини кўрсатиш учун – хусусий корхона, ташкилотлар ёки косметологлар томонидан тақдим этилган сертификатлар ва бошқа ҳужжатлар ҳеч қандай юридик кучга эга ҳужжат эмаслигини инобатга олиш;
муолажа вақтида фойдаланиладиган тиббий буюм ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни (маълумот учун: Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази давлат муассасаси томонидан тиббий буюм ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказилади) талаб қилишларини сўраймиз. Шунингдек, истеъмолчиларни ўзларини ҳаёти ва хавфсизликлари учун иш ёки хизматдан фойдаланишнинг оқибатида зарар етказилиши эҳтимоли билан боғлиқ хавф хатарнинг йўқлигини олдиндан билиб олишлари шарт.