Тадқиқотларга кўра, соддадиллик ва ишонувчанлик – фирибгарликка йўл очувчи омиллардан бири ҳисобланади. Айниқса, ахборот технологиялари ва турли сотув усуллари ривожланган бугунги даврда бу омил ўзининг яққол ва салбий натижасини кўрсатмоқда. Кўп ҳолларда истеъмолчилар ўз ишонувчанликлари оқибатида алдов қурбони бўлмоқдалар. Бундай ҳолатлар юзасидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали ҳам истеъмолчилардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Ушбу мурожаатларда “Савдо-дилерлик корхонасиданмиз…” дея ўзини таништирган шахслар томонидан фуқароларга қўнғироқ қилиб, “Сизни табриклаймиз, маҳсулотимиз учун катта миқдорда чегирма ва бонусга эга бўлдингиз, агар бир кун ичида маҳсулотни олиб кетмасангиз, чегирмадан маҳрум бўласиз” каби сўзлар билан одамларни жалб қилаётганлиги ва маҳсулот хусусиятлари ҳақида бўрттириб таърифлаш орқали уларни сотишга эришаётганлиги, охир-оқибат эса бу маҳсулот айтилганидек, ижобий таъсирли эмас, аксинча сифатсиз ва албатта, нархи ҳам қиммат бўлиб чиқмоқда.
Рақобат қўмитасига тушган мурожаатлардан бирида ҳам сотувчилар қўнғироқ орқали фуқарони ўз компаниясига чақириб олишган ва нархи қиммат массаж креслосини харид қилганда унга “бонус” тариқасида ҳаво тозалагич ва қўл билан бажариладиган массаж мосламасини бепул тақдим этишларини билдиришган.
Фуқаро мазкур мосламани бир йўла харид қилиш учун маблағ етарли эмаслигини айтишига қарамай, уни муддатли тўлов (кредит) асосида сотиб олишга камида 5-6 соат давомида ундашган, маҳсулот ёқмаган тақдирда эса 10 кун ичида қайтариб олиб, тўланган пулни тўлиқ миқдорда қайтариб беришга ваъда ҳам беришган. Сотувчилар фуқаронинг идентификaция маълумотларини олган ҳолда расмийлаштирилган турли шартномаларга имзо қўйдириб олишган.
Бироқ, кейинчалик фуқаро турмуш ўртоғининг бел ва умуртқа поғонасидаги касалликларда ушбу мосламани қўллаш хавфли эканлиги билади, бундан ташқари бир ўзи нафақасидан ҳар ойлик кредит тўловини тўлашга моддий имконияти етмаслиги сабабли маҳсулотни қайтариб беришга мажбур бўлади.
Бироқ, “фирма” томонидан товар ва унинг “бонус”лари тўлиқ қайтариб олинмаган.
Ачинарлиси, ўрганишларда бу фирибгарлик билан амалга оширилган савдо эканлиги, фуқарода эса шартнома нусхаси мавжуд эмаслиги, фирманинг реквизитлари, юридик номи ва манзили ҳақида аниқ маълумот йўқлиги сабабли мурожаатни ўрганишнинг имкони бўлмади.
Ҳурматли истеъмолчилар, Рақобат қўмитаси бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида маҳсулотларни харид қилишда қуйидаги маълумотларга жиддий эътибор беришингиз зарурлигини эслатиб ўтади:
– Ҳар қандай маҳсулот сотиб олишда ёки бирор хизматдан фойдаланишда сотувчи ва маҳсулот (иш, хизмат) тўғрисида батафсил маълумот мавжудлигини ҳамда уларнинг ишончлилигини текширинг;
– таклиф этилаётган маҳсулот (хизмат) ҳақиқатан сизга зарурлигига ва уни сотиб олиш молиявий ҳолатингизга таъсир қилмаслигига эътибор қаратинг;
– даволовчи воситаларни сотиб олиш ва истеъмол қилишдан аввал албатта шифокор ва мутахассис билан маслаҳатлашинг;
– шахсга доир маълумотларни, шу жумладан паспорт, id-карта, пластик карта маълумотларини, шахсий электрон рақамли имзо, телефон рақам ва унга келган СМС кодни ҳеч кимга, ҳатто яқинларингизга ҳам берманг;
– ҳар қандай шартномаларни имзоламанг ва шубҳали битимларга қўшилманг;
– мобил телефонингизга келган шубҳали ва ишончсиз ҳаволага кирманг;
– турли усулдаги алдов, фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилувчи ҳаракатлардан эҳтиёт бўлинг.